Техникум битирувчилари қаерда ишлайди?

Самарқанд давлат университети ҳузуридаги Гулобод агробиотехнологиялар техникумида бугунги кунда агрономия, агрокимё агрономи, ўсимликлар ҳимояси ва карантини агрономи, иссиқхона ва парник хўжалигининг техник-технологи ва доривор ўсимликларни қайта ишлаш техник-технологи йўналишларида мутахассислар тайёрланяпти.

– Техникумда ўқув жараёнларини университетнинг малакали профессор–ўқитувчилари олиб боради ва амалиёт билан узвий боғлиқликни таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалик кооперациялари ва агросаноат кластерлари билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган, – дейди техникум директори Жасурбек Абдумаликов. – Хусусан, “Агромир” МЧЖ, Самарқанд тумани қишлоқ хўжалиги бўлими, “SAG AGRO IN VITRO” лабораторияси ва бошқа ташкилотлар билан талабаларнинг амалиёт ўташи учун имкониятлар яратилган. Бундай амалиёт ўқувчиларнинг мутахассислик бўйича кўникма орттириши ҳамда малакага эга бўлиши, махсус фанларни ўрганишида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу корхоналарда ўқувчилар учун хавфсиз меҳнат шароитлари, тренинг кабинетлари, зарур материаллар, асбоб-ускуналар, янги ишлаб чиқариш технологиялари, юқори унумли иш методларини ўзлаштиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. 

Техникумда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб мутахассислар тайёрланяпти. Яъни, Самарқанд тумани иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асослангани учун мазкур тармоққа алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси таркибидаги бир нечта корхоналар туман ҳудудида жойлашгани ҳам техникум талабалари учун яхши имконият. Қолаверса, яқинда Нуробод туманида агрокимё комплекси қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бу корхонада ҳам техникумда тайёрланаётган мутахассислар бандлигини таъминлаш имкониятлари мавжуд. Умуман, ҳудудда техникумда тайёрланадиган мутахассисларга эҳтиёж катта.

Ўқувчилар амалиёт ўташлари учун техникум ҳудудида ҳам ер майдонлари мавжуд. Аммо бу ерга ишлов беришда зарур бўлган техника воситалари билан таъминланганлиги талаб даражасида эмас.

– Бу борада ютуқларимиз билан бирга, камчиликлар ҳам бор, – дея сўзида давом этади Жасурбек Абдумаликов. – Ўқув биномизда Жанубий Корея гранти асосида келтирилган кимё, физика ва биология фанлари лабораторияси, лингофон хоналари маънан эскирган бўлиб, фойдаланишга деярли яроқсиз ёки техникумда ўтиладиган фан дастурларига мос келмайди. Ўқувчилар ўқув амалиётларини ўташлари учун агрокимё ва тупроқ таҳлили лабораторияси, замонавий типдаги иссиқхона, биолабораториялар керак. Бунинг учун техникум ҳудудидаги ерларни тадбиркорларга бериб, соҳага хос ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш мумкин.

Сулаймон Мардиев.