Тез тиббий ёрдам етиб боргунга қадар, беморнинг яқинларига телефонда маслаҳат бериб туриш йўлга қўйилади

Президент соҳа олдида турган вазифаларни белгилаб берди. Жумладан:

- жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида “103” Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилади;

- туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона Колл-марказ ташкил этилади;

- тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади;

- Колл-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради.

Яъни, тез ёрдам бригадаси етиб боргунига қадар уларга беморнинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туриш, оила аъзоларига оғир аҳволдаги беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича телефон орқали маслаҳат бериш билан шуғулланади.

Тез ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун 85 миллиард сўм ва Жаҳон банкидан жалб қилинган 5 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, вилоят колл-марказлари тизимига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланади. дея хабар бермоқда Президент матбуот котиби.