Юз йиллик масканда анъаналар ўзгармаган
Тиббиёт ходимлари куни олдидан Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари, тиббиёт соҳаси фидойилари, кенг жаммоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бу даргоҳдагилар билан суҳбатлашсангиз, гапни албатта устозларидан бошлаганига гувоҳ бўласиз. Маскандаги ўзгаришлар, тиббиётдаги янгиликлар улар учун қанчалик муҳим бўлмасин, сўз олган шифокору, ҳамшира ҳам, аввало, устозлари амалга оширган ишлар, уларнинг тажрибалари ҳақидаги фикрларини алоҳида фахр билан сўзлаб бериши, бу даргоҳдаги илиқ муҳит ҳақида хулоса беришга ундайди. Ушбу тиббиёт муассасасида "Устоз-шогирд" анъаналари улуғланган ҳолда иш фаолияти амалга оширилаётганидан далолат беради бу суҳбатлар. Эҳтимол, шунинг учундир, бу йил 100 ёшини нишонлаётган Самарқанд шаҳар марказий шифохонаси бу санани ёруғ юз ва улкан тиббий янгиликлар билан кутиб олаётгандир.
- Бу даргоҳда ҳар йили 16 мингга яқин бемор даволаниб чиқади, 5 мингга яқин инсон жарроҳлик орқали дардига дармон топади, - дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Аҳмаджон Бобожонов. - Айтиш керакки, шу 16 мингга яқин беморнинг кўпчилиги бошқа вилоят ва ҳатто республикалардан ҳам даво излаб келмоқда. Хўш, уларнинг бу масканни танлашига нима сабаб бўляпти, деган саволга мен бу ерда яратилган мактаб, деб ўйлайман. Шифохонамизда узоқ йиллардан бери ўз вазифасини масъулият, айтиш мумкинки, катта бурчдай қабул қилиб фаолият кўрсатаётган, ёш мутахассисларга ҳам касб сирларини беғараз ўргатаётган устозлар туфайли бугун ушбу маскан ўз ўрни ва обрўйига эга.
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг қатор кафедралари тиббиёт муассасамизда фаолият кўрсатади. Шунингдек, вилоятда ягона бўлган бўлимларимиз ҳам бор. Хусусан, улар орасида алллергология, куйиш, йирингли хирургия каби қатор бўлимлар вилоят миқёсида фақат бизнинг тиббий муассасамизда фаолият кўрсатади.
Тўғри, кейинги йилларда шаҳар шифохонасида шарт-шароитлар яхшиланди, моддий-техник база тубдан янгиланди, дори-дармон таъминоти бир неча бараварга ошди. Буларнинг ҳаммаси давлатимизнинг тиббиётга қаратаётган эътибор ва ғамхўрлиги туфайлидир. Аммо масъулиятли ва билимли шифокорларгина бу замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда беморларга сифатли ёрдам кўрсата олади. Қолаверса, ушбу жамоада ҳар бир ходим бу масканни ўз оиласидай, меҳр билан қабул қилган ҳолда фаолият юритиши ҳам иш унумига ижобий таъсир кўрсатади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда шаҳар марказий шифохонаси ташқи кўриниши ҳам, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда ҳам катта ўзгаришлар содир бўлди. Бундан юз йил аввал, 1924 йилда ўн чоғли тиббиёт ходими билан иш бошлаган шаҳар шифохонаси бугун юзлаб шифокорлару, йигирмага яқин бўлимлари, малакали тиббиёт ходимлари, тиббиёт фанлари номзоди, профессорлари билан аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда давом этмоқда.
- Ушбу даргоҳда 1979 йилдан бери ишлайман, - дейди уролог шифокор Зуҳриддин Камолов. – Фаолиятим давомида кўплаб улуғ олимларнинг илмидан, тажрибасидан баҳраманд бўлдим, доим уларга ўхшашга интилдим. Профессорлар А.Шведлер, О.Мамишев каби устозларимиз ишлаган масканда ишлаш мен учун доим фахр бўлган. Шифохонада узоқ йиллар урология хизмати жарроҳлик бўлими таркибида фаолият олиб борган бўлса, 1995 йилга келиб, урология бўлими очилди. Шундан бери урологик хизмат нафақат шаҳар, балки вилоят, бошқа республикалар аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Илгари битта палатада олти кишилаб беморлар ётиб даволанишга мажбур эди. Ҳозирда битта палатада 2-3 киши даволанади, шароитлар тубдан ўзгарди, иссиқ-совуқ сув ва бошқа хизматлар анча яхшиланди.
- Бундан бир неча йил аввал юз-жағ жарроҳлиги билан боғлиқ операцияларнинг аксарияти, хорижда ёки Тошкентдагина амалга ошириларди, беморларимиз ҳам фақат имконияти борларигина четда даволаниши мумкин эди, - дейди юз-жағ жарроҳлиги бўлими шифокори Алишер Аҳроров. - Бугунга келиб мана, биз бир неча йилдан бери орзу қилган операцияларнинг аксарияти ўзимизда бўляпти. Ходимларнинг чет давлатларда малакасини ошириб келиши, шарт-шароитларнинг тубдан ўзгариши туфайли аксар хасталиклар ўзимизда даволаняпти. Хусусан, илгари асосан беморлар Россияга боришига мажбур бўлган пастки жағ бўлимни алиштириш жараёни ҳам ўзимизда амалга ошириляпти.
Тиббиёт маскани ходимлари билан суҳбатлашар экансиз, улар бу ер жойлашуви жиҳатидан ҳам кишини ҳайратга солиши, сабаби қишда иссиқ, ёзда салқин ўзига хос бир табиати мавжудлигини айтиб қолишди. Қолаверса, тупроғига нима қадасангиз, яхши униб, чиройли манзара ҳосил қилади, дея завқ билан гапириб беришади маскан ходимлари.
Суҳбатлар жараёнида бу ерда 100 йиллик анъана ва қадриятларга содиқ ҳолда, шу билан бир қаторда замонавий тиббий хизматнинг энг илғор усулларини қабул қилиб меҳнат қилаётган жамоа ҳақида илиқ таассурот уйғонди.
Нима бўлганда ҳам бу маскан ҳақида шу ерда даволаниб чиққан беморлар янаям яхшироқ билишади, изоҳларда уларнинг фикрларини кутиб қоламиз.
Гулруҳ Мўминова.