Тиббий суғурта мажбурийми ё ихтиёрий?

- Айрим ҳолларда касалхоналарда ишхонамдан берилган суғурта полиси асосида даволаняпман ёки тиббий кўрикдан ўтяпман, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу барча иш берувчилар учун мажбурийми ёки ихтиёрий суғурта турими?

Ушбу саволга “Ўзагросуғурта” компанияси вилоят филиали раҳбари Анвар Болиевнинг жавоби қуйидагича бўлди:

- Бугун бу масалага эътибор қаратаётган, қайсики қўл остидагиларнинг саломатлигига беъэтибор бўлмаган иш берувчилар кўпайиб бормоқда.

Аммо бир нарсани алоҳида таъкидлаш ўринли. Негаки, айрим раҳбарлар бундан бехабар бўлишлари ҳам мумкин. 2009 йилда “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Ушбу қонунга асосан жисмоний ва юридик шаклдаги иш берувчилар суғурта шартномаларини тузишга мажбур ҳисобланади.

Бундай суғурта шартномасида ходим ўз функционал вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганда суғурта компанияси томонидан товон тўланиши кўзда тутилган.

Очиғи, бизда ҳали ихтиёрий суғурта маданияти бир мунча пассив. Мисол учун, ихтиёрий суғурта турлари бўйича 2018 йилда 180 минг 175 та суғурта қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда бор-йўғи 86 минг 242 тани ташкил қилган.