Тиббиёт олимлари тажриба алмашди
"Ипак йўли" халқаро туризм марказида Самарқанд давлат тиббиёт университети ташаббуси билан "Педиатрия ва фармация: болалар ва ўсмирлар саломатлиги учун" мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманда Россия, Туркия, Малайзия ва Қозоғистон каби 20 дан зиёд давлатлардан фундаментал ва клиник тиббиёт соҳасидаги етакчи олим ва илмий изланувчилар, педиатр ҳамда фармацевт мутахассислар иштирок этиб, педиатрия ва фармация соҳасида эришилган муаммоларни, болалар ва ўсмирлар ўртасида учрайдиган касалликларни эрта ташхислаш, даволаш ва профилактика қилишда республикамиз ва хорижда яратилган тиббий тажрибаларни муҳокама қилди.
Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Алимов, Россия Фанлар академияси академиги, Россия перинатал тиббиёт мутахассислари ассоциацияси президенти Н.Володин, Туркия медицина фанлари университетининг Евроосиё тиббий ва ижтимоий фанлар маркази директори А.Файзиуглу (Туркия), профессор К.Чонг (Малайзия)лар юртимизда педиатрия ва фармация соҳаларининг ривожланиши, оналар ва болалар ўртасида учрайдиган турли касалликларни эрта аниқлаш борасидаги амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Анжуман давомида олимлар ўзаро фикр алмашиб, тиббиётнинг турли йўналишларида ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олдилар.
Сайдулло Расулов,
тиббиёт фанлари доктори.