Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тижорат банклари 21 нафар ўқувчига саховат кўрсатди

Хайр-саховат, меҳр-оқибат кўрсатиш, ўксик кўнгилларни шод этиш  халқимизнинг онгига сингиб кетган. Бундай эзгу ишдан Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, вилоятимиздаги тижорат банклари ҳам четда қолмади. Молия муассасалари корпоратив байрам тадбирларини ўтказмасдан, тежалган маблағлар ҳисобидан 1-меҳрибонлик уйининг 2021 йилда мустақил ҳаётга қадам қўядиган 21 нафар ўқувчисини қўллаб-қувватлаш учун хайр-саховат ишларини амалга оширди.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида меҳрибонлик уйи ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш учун 60 миллион сўм маблағ ўтказилди. Ушбу маблағ ҳисобидан 3 дона тикув машинаси, 3 дона электр печ олиб берилди. Битирувчиларнинг номига банкда муддатли омонат ҳисоб-варақлари очилиб, ҳар бирига 1 миллион сўмдан кирим қилинди.

Энди битирувчилар касб-ҳунарга ўқитиш марказида ахборот технологиялари, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электроника, чилангарлик ишлари, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари каби йўналишлардан бирини танлаб, касб-ҳунар ўрганади. Уларга ўрганган касби бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги диплом берилади.

Қўшимча равишда меҳрибонлик уйида тарбия олаётган қизлар тикувчилик ва қандолатчилик бўйича ўз маҳоратларини оширади.

Келгусида улар сафида ўрганган касби бўйича тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлганларга кредитлар ажратилади.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.