Тилимиз қадимий терминларга бой

Ушбу мақолада тилимизнинг кенг имкониятлари, унинг нақадар бойлигини қадимий уйсозликнинг бир мисоли сифатидаги келтириб ўтамиз.

Маълумки, Ўтов жуда қадимий, маданий-маънавий, моддий-ашёвий мерос ҳисобланади. У бир томондан, жуда узоқ ўтмишдаги аждодларимизнинг яшаш тарзини ифода этувчи, иккинчи томондан, маданий ҳаётнинг яна бир шакли сифатида ҳозиргача турли ҳудудларда яшаб келаётган ва шу ерликлар учун қулай уйсозлик намунасининг бир кўриниши ўлароқ қадрият сифатида қарашни тақозо этади.

Айтиш лозимки, ўтов бўйича олиб борилган кузатишлар этнографик характердаги тадқиқотларда марказий ўринда бўлиб келган. Б.Х.Кармишева, М.В.Сазонова, Қ.Шониёзов, И.Жабборов ўзбек халқи, Н.А.Кисляков, Д.Кшибеков қозоқлар, Н.Л.Жуковская, Л.Л.Викторова монголлар, Е.М.Тошакова олтой халқлари, Т.И.Султанов Оролбўйи халқлари, Г.М.Исхаков уйғурлар, А.Оразов туркманлар, С.М.Абрамзон қирғизлар ҳақидаги ишларида худди шу масаланинг халқ ҳаёти ва турмуш тарзидаги аҳамияти, қадриятлар сирасидаги ўрни хусусида сўз юритадилар.

Ўтовсозликка хос сўз ва терминлар она тилимиз лексикасида ўзига хос ўрин тутади. Афсуски, мазкур соҳа лексикасига оид сўз ва терминлар шу пайтгача бўлган луғатларда тўласинча ўз аксини топмаган. Ушбу йўналишда Б.Тўйчибоев, Э.Умаров, И.Ҳаққул, М.Абдиевларнинг йўл-йўлакай эълон қилган мақолаларини ҳисобга олмаганда, тилшунослик фани нуқтаи назаридан тадқиқот объекти бўлган эмас. Шу боис ҳам ўтовсозлик билан боғлиқ сўз ва терминларнинг лисоний хусусиятларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўтовсозлик лексик системаси ҳақида сўз борар экан, дастлаб ушбу термин ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Маълумки, шаклдошлик сўзлараро полисемиянинг барҳам топиши ёхуд муайян сўз фонетик таркибида юз берадиган ўзгариш (ва б.) туфайли юзага келади. Бу жиҳатдан мавзумизга алоқадор бўлган ўт омоними характерли бўлиб, у ҳақдаги дастлабки илмий қайдлар М.Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида келтирилади: от – ўт, олов; от – (ўт, ўсимлик), от (ҳайвонлар ейдиган ҳар турли ўт, хашак), от (дори, даво), от (оғу, заҳар). Бир ўринда муаллиф őрт сўзини ўт, ёнғин тарзида изоҳлаб ўтади. Бундан кўринадики, олов маъносидаги őт сўзи őрт таркибидаги р товушининг тушиб қолиши натижасида бошқа сўзлар билан шаклдошлик касб этган. Шундай хулоса илмий адабиётларда ҳам мавжуд: “Ҳозирги ўт сўзи ўтмоқ феълининг ўзаги каби янги маъно билан бойиган. Тарихий маълумотларга кўра, олов маъносидаги ўт сўзи тамоман бошқа ўзакдир. Маҳмуд Кошғарий бу сўзнинг аслини ўрт деб кўрсатади”.

Албатта, ўт – 1. Ўсимлик; 2. Хашак 3. Ўт қопчаси; 4. Ҳаракат; 5. Олов; 6. Дори парадигмасида ўтов билан алоқадор бўлиши мумкин бўлганлари 1 ва 5-рақамли лексемалардир.

Маълумки, ўт (ўсимлик)нинг ўтов билан алоқадор томонлари ҳақида, айтиш мумкинки, кўчманчилик ҳаётида чорвадорлар турмуш тарзи, яшаш  манбаи -  чорваси учун  ўт (ўсимлик) ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бироқ маиший, табиий, руҳий эҳтиёжларга кўра унинг ҳаёти ўт-олов билан боғлиқ эди. Шу маънода, ўт (ўсимлик) – ўтлоқ //ўтлов – ўтов тарзидаги  этногенетик жараён ҳақиқатга мос келмайди. Бинобарин, ўтов сўзининг асоси кўпроқ олов  тушунчаси билан алоқадор, десак тўғрироқ бўлади, деб ўйлаймиз. Зеро, ўт сўзи билан алоқадор айрим тарихий, шунингдек халқ сўзлашув нутқига оид лексемаларда унинг изларини кўриш мумкин.

Мамлакатимизнинг ўтовсозлик мавжуд ҳудудларидан бири ҳозирги Қашқадарё қипчоқлари нутқида қўлланадиган қўшни,  яқин масофада яшайдиган маъноларидаги  ўтомиш сўзи  аслан ўтолиш ўтолмишўт алмашиш (мумкин бўлган масофада яшовчи) маъносида бўлиб, у ҳозирги, ўзининг  антоними бўлган ҳамсоя сўзининг тарихий маънодошидир.

“Шажараи турк”да ўтов сўзининг этимологиясига оид қайдлар учун характерли бўлган айрим маълумотлар ҳам мавжуд. Жумладан, ушбу парчани олиб қарайлик: “кенжани муғул ўтжикин дер. Ўтжикиннинг маъноси ўт эгаси темак бўлур. Анинг учун ўзга ўғлонларни эвлантуруб, узата-узата эвда якка кенжа қолур. Тақи отасининг ўчоқининг эгаси бўлур”.

Шу ўринда “ўт эгаси”, “ўчоқ эгаси” бирикмалари таркибида келган ўт ва ўчоқ лексемаларининг лингвистик алоқаси масаласига изоҳ бериб ўтишга тўғри келади.

Маълумки, т>ч алмашинув жараёни тил  ҳодисалари тарихий тараққиётидаги ўзгаришлар ёритилган илмий адабиётларда қайд этилади. Чунончи, “туркий тилларда  т>ч жараёни ҳам анча қадимий. Қадимги туркий тил даврида экинти – иккинчи сўзи тартиб сон маъносида қўлланган бўлиб, эски туркий тил даврига келиб т>ч ҳодисаси амал қилди”, деган фикрни билдирар экан, Б. Тўйчибоев мисол тариқасида чодир сўзининг чатыр – чачыр – чашыр шаклларига ҳам мурожаат этади [Қаранг: Тўйчибоев, 57-59]. “Девону луғотит турк”да келтирилган изоҳлардан бири ҳам фикримизни далиллайди: “отағ – чодир, ўтов” [III, 226]. Чунки бу ерда ҳам асос ўт (олов)дир. Қўшилмага келсак, ағ қўшимча эмас, балки алоҳида сўздир. Шу ўринда ушбу мисол янада характерлидир: Отағқа őпкäläб сÿгä сöзläмäдÿк–чодирдаги ҳамроҳларидан хафа бўлиб, сўнг аскарлар билан сўзлашмади [III, 226]. Бу ўринда отағ метонимик кўчиш асосида шахс тушунчасини ифода этадики, натижада биз мазкур сўзнинг алоқадорлик негизида қурдош, сафдош каби маънолар мавжудлигини илғаймиз. Булар ҳам олов билан боғлиқ мазмунга эга. Яъни бир нуқтага:  от (олов)+ағ (и) //адағи //атрофига жам бўлганликни билдиради.

Ўтовсозлик лексикаси сирасига кирувчи лингвистик бирликларнинг қадрият сифатидаги аҳамиятига эътибор қаратилган адабиётлар ва луғатларданинг деярли барчасида ўт (олов) ёқиладиган жой – ўчоғ ўтовнинг марказида бўлиши таъкидланади. Бу бежиз эмас, чунки ўтов ичидагилар айнан унинг атрофида жам бўлишган. Бу – биринчидан.

Иккинчидан эса, ўчоғ сўзининг ўзи ҳам икки мустақил маъноли қисм (õt-ўт ва čuk-чуқур) бирикувидан таркиб топган бўлиб, структур-этимологик хусусиятига кўра očaq < õčak < õtčuq < hõtčuk тарзида шаклланганлиги, у “турар жой, уй”, “оила”, “сулола” маъноларини ҳам касб этганлиги тадқиқотларда асосли таъкидланган.

Учинчидан, ав //ағ сўзлари авул //овул учун асос бўлган. Бунда ўт (олов) атрофида йиғилмоқ мазмунидаги сўздан авул жамловчи оти юзага келган. У туркий тиллардаги энг қадимий сўзлардан бири бўлиши мумкин. Акс ҳолда, овулнинг дастлабки шакли деб қаралаётган ағiл сўзига изоҳ бера туриб, М. Кошғарий қуйидаги эҳтимолий фикрни баён этмаган бўлар эди: “Ағiл – оғил; қўйнинг оғилхонаси; ўғузлар қўйнинг қийини ағiл дейдилар. Бир-бирига яқин туриши натижасида келиб чиққан” [I, 103]. Бундай фикр топонимик, этнографик йўналишдаги илмий манбаларда ҳам қайд этилади. Чунончи, Т.Нафасовнинг таъкидлашича, “Овул / Ovul... мўғул ва туркий тилларга оид қадимий сўз... Бу сўзнинг туркий тиллардаги маънолари қишлоқ, ўтовлар тўдаси, қора уйлар тикилган жой, кўчманчилар манзили, мазил, қароргоҳ; турк тили диалектларидан бирида қабила. Э.В.Севортяннинг ёзишича, бу сўзнинг қадимий шакли а:ғыл ўрин-жой маъносини билдирувчи – (а~у~ы) л қўшимчаси қўшилгач, қўшимча таркибидаги унли таъсирида ғ>в/й товуш ўзгариши юз берган: ағ+ал/ул/ыл – ағыл> авул/овул/аул/авэл/авыл/айыл”. Овул қадимги туркий тилдаги тўпла- маъносини англатган а:ғ – феълининг а:в шаклидан жой маъносини ифодаловчи –(у)л қўшимчаси билан ясалганлиги “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да ҳам айтилган.   Жанубий ҳудудлар ўзбек шевалари бўйича тузилган луғатларда ҳам авыл ўтовлар тўдаси маъносини бериши кўрсатилади: “Авыл – овил, 5-4 тадан ортиқ ўтов тикилган қишлоқ, овул”.

Тўртинчидан, “туркий тиллар тарихида б ундоши ҳам айрим  фонетик ҳодисага учраган. Чунончи, қадимги туркий  тил давридаёқ баъзан б>w жараёни содир бўла  бошлаган: əб – əw – уй, йаблақ – йаwлақ –жуда... Эски ўзбек тили даврига келиб бу фонетик жараён б>w>в>й тарзда босқичма-босқич тадрижий тараққиёт босқичига етган эди. Шунинг учун суб>суw>сув// суй, /əб/>əв>/əв уй тарзидаги шаклларнинг охирги й кўриниши истеъмолда эди. Дарҳақиқат, бундай жараённинг босқичини ҳозирги туркий тиллардаги уй, туйə тарздаги сўзларнинг шаклларига қараб ҳам белгилаш мумкин”.

Кўринадики, темин таркиби: ўт 1 (олов) + ов 2(ав) (йиғилмоқ) = ўтов 3 (олов атрофида йиғилмоқ; уюшмоқ) тарзида ҳозирги шаклига кўра, ўтов лексемаси икки сўз ўт ва ов бирикишидан ҳосил бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Табиийки, сўзнинг иккинчи қисмидаги ўзгариш қуйдаги тартибда кечганлиги маълум бўлади: Ўт+ эw // эв //aw//ав//oв = уй.

Шундай қилиб, тараққиёт сўнгги босқичида юзага келган уйсозлик жараёнида мазкур термин биринчи қисми “асосий  пландан чекинди”. Бинобарин, сўзнинг иккинчи қисми уй шаклида янгича яшаш тарзига қадам қўйган  лингвистик қадрият ҳисобланади.

Ҳ.БЕРДИЕВ,

З.АШУРОВА.