Тилимиздаги ғализликлар ёхуд интернет саҳифаларидаги хатолар: “Ахборотлар”, “маълумотлар”, “пуллар”
Кейинги пайтда интернет сайтлар кўпайгандан кўпайди. Ижтимоий тармоқларда ҳам кишилар анча фаол. Улар орасида ўқувчилар ҳам, талабалар ҳам, олимлар, журналистлар ва бошқа касб эгалари ҳам бор. Албатта, бунча кенг аудиторияда ҳар ким ҳар хил фикрлаши, турлича қарашларни ўртага ташлаши табиий. Лекин интернет сайтлар ва саҳифалардаги матнларда хатолар шунчалик кўп учрайдики, ўқиб, кўриб ҳайрон қоласан, киши. “Хато” деганимга кимдир хафа бўлиши мумкин, кимдир дарсликларни пеш қилар. Майли, яхшиси, “ғализлик” дея қолайлик. Улар нималардан иборат. Келинг, ўзим кўрганим, кузатганларимни бирма-бир санайман.
1. “Ўн нафардан ортиқ болалар...”
Гап таркибида кўплик мазмунини берувчи битта кўрсаткич етади. Тил максимал тежамкорликка интилади. Гап субъектларининг миқдори сон билан кўрсатилганда, эгага кўпликни билдирувчи бошқа грамматик кўрсаткич қўшиш керак эмас: “иккита машина”, “ўн бешта қўй”, “беш юз аскар” ва ҳ.к.
Баъзан кўплик кўрсаткичини кесим ҳам олади: “улар... кўрсатишди/кўрсатдилар”. Бу қоидаларга зид эмас, аммо тилнинг тежамкорликка интилиши нуқтаи назаридан матн тузувчи кўплик кўрсаткичларини максимал даражада қисқартиришни ўйлаши лозим. Бу матннинг тушунарлилигини, чиройлилигини оширади, ортиқча унсурлардан қутилишга ёрдам беради: “улар... кўрсатди”. Кесимда ҳам кўплик кўрсаткичи талаб қилинадиган ҳолатлар бундан мустасно.
2. Қаратқич ва тушум келишиклари қўшимчалари (“-нинг”, “-ни”) баъзи ўринларда тушиб қолиши мумкин – бу улар боғлаётган исм ёки феълларнинг валентлигини (бошқа сўзни ўзига тортиш, боғлаб олиш кучини) кўрсатади. “Мактаб биноси” деганда “мактаб” сўзидаги “-нинг” тушиб қолади, лекин “дўстимнинг китоби”да қаратқич кўрсаткичини тушириб қолдириб бўлмайди. “Китоб ўқидим”, “машина ҳайдадим” деганда “китоб” ва “машина”нинг “-ни”си тушиб қолади, лекин “меҳмонлар кутиб олдим” деб бўлмайди, “меҳмонларни кутиб олдим” деб ёзсак тўғри.
Валентликни кўрсатишдан ташқари, қаратқич ва тушумнинг ишлатилиши артиклизация вазифасини бажаради. Артикль нималигини инглиз тили дарсларидан биламиз – нарса-буюмнинг гапирувчига таниш ёки нотанишлигини, гап субъекти конкрет бир буюм ёки умумий бир буюм тури эканлигини кўрсатадиган грамматик категория. Масалан, “машина ҳайдадим” дейилганда гапирувчи машинанинг қанақалигига аниқлик киритмайди, суҳбатдошига умумий маълумот беради, холос. Лекин гап конкрет машина ҳақида кетаётган бўлса, тингловчи бу конкрет машина ҳақида маълумотга эга бўлса, унда “бу машинани ҳайдадим” дейиш тўғрироқ бўлади.
Хуллас, интернетдаги матнларда юқоридаги қоидаларга риоя этилмаслигига кўп гувоҳ бўламан. Масалан, чет эл хабарларида “эксперт (вазир) фикрига кўра” деб берилади. Ваҳоланки, бу ўринда “экспертнинг (вазирнинг) фикрига кўра” дейилиши керак;
3.Буниси жуда жиддий камчилик эмас, матннинг тушунарлилигини ошириш ва ортиқча унсурлардан қутулиш бўйича тавсия деб қабул қилса ҳам бўлади. Уюшиқ бўлакларнинг барчаси учун биттадан грамматик кўрсаткич ишлатган маъқул: “Тадбирга Хитойдан, Россиядан, Қозоғистондан меҳмонлар ташриф буюрдилар” дейиш ўрнига “Тадбирга Хитой, Россия, Қозоғистондан меҳмонлар ташриф буюрди” деган маъқул;
4.Баъзи отларнинг ўзида кўплик, жамлик маъноси бор, уларга ортиқча юк қилиб “-лар” қўшиш шарт эмас. “Ахборот”, “маълумот”, “пул” сўзлари сайтларда кўп ўринларда “ахборотлар”, “маълумотлар”, “пуллар” шаклида берилади. Баъзи ўринларда “аёл”, “эркак” каби сўзлар ҳам “-ларсиз” кўплик маъносини англатиши мумкин.
Хуллас, бугун тилимизда, ёзувимизда бунақа мисоллар, “ғализ”ликлар жуда кўп. Мен айримларини санадим холос. Агар ҳар биримиз шу каби жиҳатларга эътибор бериб, гўзал ва бетакрор тилимизнинг имкониятларидан самарали фойдалансак, фикримизни содда ва аниқ ифодалаб беришга интилсак, аввало она тилимизни ҳурмат қилган бўламиз. Энг муҳими, саводсизлик, тил ва нутқ маданияти бузилишининг олдини олишга ҳисса қўшган бўламиз.
Комил РАШИДОВ,
ҳуқуқшунослик фанлари доктори.