Тинчлик кенгаши - бу низоларни ҳал этишнинг халқаро ҳамкорлиги

Тинчлик кенгаши низоларни ҳал этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида тузилган. Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик ва ҳамкорлик тамойиллари асосида халқаро майдонда тинчликпарвар рол ўйнаяпти. Давлатимиз раҳбари Тинчлик кенгашида қатнашиб, Ғазода фаровон иқтисодият, муносиб шароит барпо этиш таклифларини билдирди. Бундай ташаббуслар миллатлараро бирликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Бугун жаҳон миқёсида геосиёсий вазият мураккаблашиб боряпти. Айниқса, глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиёт масалалари долзарблигича қолмоқда. Тинчлик кенгашининг тузилиши айни шу каби вазиятларнинг олдини олиш, уни бартараф этишга хизмат қилади.

Тинчлик кенгашининг тузилишидан асосий мақсад узоқ давом этаётган можаролар, хусусан, Яқин Шарқдаги низоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган.

Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро майдонда тинчликпарвар ва ташаббускор давлат сифатида тан олинмоқда. Бу албатта, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг очиқлиги, ўзаро ҳурмат ва тенг манфаатли ҳамкорлик тамойилларига амал қилинаётганининг меваси.

Айниқса, Президентимизнинг Америкада ўтказилган Тинчлик кенгашининг биринчи саммитида қатнашиб, нутқ сўзлагани Давлат раҳбарининг ташаббускорлиги, мамлакатимизнинг бағрикенглиги, маънавий қиёфасидан далолат беради.

Учрашув халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишнинг ёрқин ифодаси эканлиги Ўзбекистон раҳбари нутқининг асосини ташкил этди.

“Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур” деди давлатимиз раҳбари. Албатта, бу маъруза Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ва роли, нуфузининг ошиб бораётгани ифодаси сифатида қабул қилинди.

Қолаверса, маърузада билдирилган ташаббуслар, таклифлар халқаро майдонда тинчликни тарғиб этишда, миллатлараро бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Холбек КУБАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.