Тиш тозалайман деб ютиб юборилган игна 19 ёшли йигитнинг танасидан олиб ташланди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё филиали хирургия бўлимига тиш тозалайман деб игна ютиб юборган бемор ётқизилди.
Аниқланишича, бемор ўн тўққиз ёшли ғузорлик Озод Норматов бўлган.
Филиалда ушбу операцияни амалга ошириш имконияти йўқлиги сабабли марказ билан келишув асосида бемор вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирургия бўлимига ўтказилган. Унга “бўйин умуртқасининг учинчисида, чап ён томонида ёт жисм (игна)”, деган ташхис қўйилади.
19 октябрь куни шифокорлар Соат Темиров ва Сувон Бердиев томонидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, ҳеч қандай асоратсиз, қон томир ва нерв томирларга зарар бермаган ҳолда игна олиб ташланди.
- Бундай амалиёт вилоятимизда, бизнинг тиббиёт марказимизда ЭОП аппарати ёрдамида биринчи марта муваффақиятли тарзда амалга оширилди, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов.
"Айни пайтда бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда", дея маълум қилди Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.