Тишдаги махфий жой
Рус–япон уруши даврида жуда кўп хитой ва япон жосуслари пайдо бўлган. Тўпланган маълумотларни бошлиқларга узатишда улар чинакам айёрлик кўрсатишган.
Хитойлик агентлар қўлга киритган ахборотни ёддан ўқий олмаса, иероглифда ёзилган қоғозни сочига ингичка қилиб қўшиб, ўришган. Айрим жосуслар ичи бўш тилла тишлардан ўзига хос «почта қутиси» сифатида фойдаланишган.
Венесуэлалик Рафаэльде Ногалес бирмунча вақт япон разведкаси агенти бўлиб хизмат қилган. У Порт-Артурда японлар юборган хитой жосуси Вау Лин билан ишлаган. Унинг айтишича, ўша жосуснинг маълумотларни махфий сақлаши учун бир неча бўш ковакли тилла тишлари бўлган.
“Ҳар оқшом, - дейди Ногалес хотираларида. - Лин хонамиз полига шам ёруғида кундузи кузатган рус окоплари схемасини чизар, кейин расм ва белгиларини лупа ёрдамида бир парча юпқа қоғозга кўчириб, уни юмалоқлаб тилла тиши ковагига жойларди”.
Тўрт мамлакат тортишаётган бебаҳо юк
1771 йил кеч кузида Амстердамдан “Фрау Мария” номли кема йўлга чиқиб, Россия империяси қирғоқлари сари сузиб кетди. Аммо кема Санкт-Петербургга етиб боролмади. Даҳшатли тўфонга дуч келиб, чўкиб кетди.
Кема билан бирга кимошди савдосида Эрмитаж учун сотиб олинган, Голландияда ясалган бебаҳо чинни санъат асарлари ҳам ғарқ бўлди. Чинни буюмлардан ташқари сон-саноқсиз бронза ҳайкалчалар, энг муҳими, Рембранд ва бошқа голланд рассомлари ижодига мансуб ўнлаб картиналар ҳам сув остида қолди.
Юкнинг умумий қиймати 1,5 миллиард еврога баҳоланади. Кема фақат 1999 йилга келиб аниқланди. Бироқ кема ва бебаҳо юклар ҳамон Болтиқ денгиз қаърида қолмоқда. Сабаби, эндиликда хазинага тўрт давлат - Голландия, Финландия, Швеция, Россия даъвогарлик қилмоқда. Бунга ҳаммасининг асоси бор - кема Голландияники, у Финландия ҳудудида чўккан. Фалокатга учраганда эса швед сувликларида сузиб бораётган бўлган, Россия эса хазина учун пулни ўз ғазнасидан тўлаган. Баҳс ҳануз давом этяпти.
Т.Шомуродов тайёрлади.