ТИВ Жанубий Кореядаги фуқароларга мурожаат билан чиқди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Корея ҳудудида бўлиб турган ва ушбу давлатга боришни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилди.
Таъкидланишича, COVID-19 коронавируснинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Транспорт вазирлиги Корея авиация идоралари ва компанияларини 2020 йилнинг 1 март кунидан бошлаб икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларда вақтинчалик чеклаш чоралари жорий қилиниши тўғрисида расман хабардор қилган.
“Авиақатновлар сони ҳафтасига 1 та рейсгача қисқартирилади. Жанубий Кореядан Ўзбекистонга келувчи йўловчилар учиб келишлари билан 14 кун давомида карантинда бўлиб турадилар”, дейилган хабарда.
Маълум қилинишича, коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашиши билан икки давлат ўртасидаги авиарейслар сони қайта тикланади.
ТИВ сўнгги кунлар давомида коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат оғирлашаётган Кореяда бўлиб турган мамлакат фуқароларига зарур ҳолатларда қуйидаги рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган:
- Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси: (+82) 2 574-65-54, (+82) 2 577-36-60;
- Uzbekistan Airways АЖ ваколатхонаси (авиачипталар масалалари бўйича): (+82) 10 8718-6850 (Аюбхон Абдуллаев);
- Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванджу шаҳридаги ваколатхонаси (меҳнат миграцияси масалалари бўйича): (+82) 10 8495-0027 (Одилжон Каримов).