Тўйи куни ақлдан озган қиз ёхуд руҳиятнинг нозик муаммолари ҳақида суҳбат

Аҳоли орасида психолог, психотерапевт, психиатр врачларга эҳтиёж ошяптими ёки ҳануз бу хизмат бизда боришга уяладиган соҳа сифатида қараладими?

Психолог, врач психотерапевт ҳар доим ҳам оилавий муносабатлар, ўсмирларнинг ўтиш давридаги руҳий бузилиш ҳолатларида тўғри йўл кўрсатяптими?

Жамиятга мослаша олмаслик ҳам руҳиятга таъсир кўрсатадими?

Бу саволларга олий тоифали психотерапевт, гипнолог қандай жавоб берди?

Инсоннинг руҳияти билан «ишлаб» уни соғломлаштириш, ўзига ишонтириш, катта мақсадлар сари йўналтириш, бир қараганда мўъжизавий воқеликларни содир қилиш мумкин, деб ҳисобловчилар жуда кўп. Бу билан шуғулланаётган инсонлар ҳам борлиги, уларга эргашувчилар кам эмаслигини биламиз. Лекин инсон фақатгина катта воқеликлар учунмас, оддий муносабатларда, яшашда ҳам руҳиятининг онгости қисмини англашни ва унга таъсир кучини кўрсатишни истайди, шунга эҳтиёж сезади. Аммо шундай пайтда аҳолига ёрдам берадиган психологик марказлар борми? Агар бор бўлса, уларнинг фаолияти нечоғлик? Бу ҳақда «HYPNOSE MEDIKAL» тиббий маркази бош врачи, олий тоифали психотерапевт, гипнолог Моҳира Ўтаева билан суҳбатлашдик.

- Нима деб ўйлайсиз, аҳоли орасида психолог, психотерапевт, психиатр врачларга эҳтиёж ошаяптими ёки ҳануз бу хизмат бизда боришга уяладиган соҳа сифатида қараладими?

- Ўзим фаолият юритадиган маскан мисолида айтадиган бўлсам, эҳтиёж кескин ошганини кузатиш мумкин. Яхши томони - мурожаат этувчилар орасида илгаригидай мажбурликдан эмас, ўз вақтида, ихтиёрий келувчилар кўпайган. Айниқса, руҳий бузилишларда хасталикнинг бирламчи белгилари кузатилиши билан мурожаат этувчилар сони кўпайганини алоҳида айтиб ўтишни истардим. Бу яхши ҳолат.

Оилавий муносабатлар, ўсмирларнинг ўтиш давридаги руҳий бузилиш ҳолатлари, коронавирус пандемияси билан боғлиқ турли кўринишдаги невротик белгилар ва бошқа кўплаб муносабатлардаги муаммолар, инсон ўзини англаши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бизнинг марказимизга мурожаатлар сони ҳам ортган.

 - Лекин психолог, врач психотерапевт ҳар доим ҳам ушбу муносабатларда тўғри йўл кўрсатяптими? Оддий маслаҳатчига айланиб қолмаяптими?

- Эътирозингиз ўринли, психолог маслаҳатчи эмас. Психолог инсонга қандай яшашни ўргатиши керак эмас. Аксинча, қандай яшаётганини таҳлил қилиб, инсоннинг ўзига англатиб бера олиши жуда муҳим жараён. Бу эса психологдан профессионаллик талаб қилади. Бизда соҳани такомиллаштириш учун, аввало, аҳоли орасида бу хизмат тури тўғрисида кенгроқ тушунча берилиши, оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши лозим, назаримда. Қолаверса, ушбу хизмат дунё миқёсида қиммат хизматлардан саналади. Негаки, беморга шифокор бир кунда 20-30 дақиқа вақт ажратса, психолог бир кунда соатлаб вақт ажратиши лозим ва аксарият мурожаат этувчиларнинг муаммоларини битта психологик суҳбат ёки муолажа билан коррекция қилиб бўлмайди.

- Қабулга келганлардан қайси ҳолат сизни ларзага солган?

- Биласизми, ҳар бир бемор билан индивидуал ишлаш фаолиятимизнинг асосий мезонларидан. Ҳар бирини чуқур ўрганиш, агар зарур бўлса, болаликда қолиб кетган, онгости зонасида яширинган қўрқувларини, гарчи, унутиб юбордим, дея ўйласа-да, турли қаттиқ стресс ҳолатларининг ўнлаб йиллардан кейинги таъсирларини аниқлаш лозим. Бизда, айниқса, ота-оналарнинг фарзанд билан муносабатларида муаммолар жуда кўп. Оталар ҳам, оналар ҳам аксарият ҳолда ўз фарзанди билан мулоқот қилишни билмайди. У улғайса-да, унга ёш боладек, фақат буйруқ оҳангида муомала қилишга ўрганиб қолган. Бир неча йил олдин бир келинчакни қабулимга олиб келишди. Руҳий жиҳатдан ҳеч қандай нуқсони бўлмаган қиз тўй куни куёв уйига боргач, кескин ўзгариб қолади. Ғалати қилиқлар қилиб, ҳеч ким билан гаплашмай қўяди. Шу қиз билан анча ишлашимизга тўғри келди. Бундай ҳолга тушишига сабаб бўлган асл вазиятни билишга ҳаракат қилдик. Ота-онаси, яқинлари билан суҳбат жараёнида аниқланишича, қиз ҳали турмуш қуришга тайёр бўлмаган. Бир неча марта онасига «Мен қандай қилиб бировнинг уйига бораман?» дея йиғлаган. Бизнинг тасаввуримизча, ҳамма қизлар турмушга чиқади ва бошқа жараёнларни ҳам вақти билан қабул қилиб, кўникиб кетади. Ваҳоланки, ҳар бир инсон индивидуал. Баъзи инсонларнинг руҳияти ҳар қандай янгиликни осонликча қабул қилмайди ва натижада ўзини зўриқтириб қўяди.

Бу эса руҳий ҳолатида бузилиш кўринишида намоён бўлади. Айтмоқчиманки, ота-оналар ўз фарзандларини болалигиданоқ қандай феъл-атворга эга эканлигини тушуниб, шунга қараб муомала қилишлари лозим. Болалигида рўй берган воқеликлар, турли ҳодисаларнинг барчаси инсоннинг онгостида сақланиб қолади. Қаердадир, бир куни келиб ўзини намоён қилиши мумкин.

- Жамиятга мослаша олмаслик ҳам руҳиятга таъсир кўрсатадими?

- Яқинда қабулимга бир аёл келди, у катта маблағ сарфлаб, Исроил давлатига ишлашга кетган. У ерда бир ой ҳам тура олмай қайтиб келган ва узоқ вақт клиникамизда муолажа олишига тўғри келди. Гап шундаки, у бошқа давлатга боришга, у ердаги тартиб-қоидаларга риоя қилишга, яқинларидан узоқда бўлишга руҳан тайёр бўлмаган. Унинг учун номаълум жамият, муҳит руҳиятига таъсир ўтказиб, қанча маблағни ҳавога совуришини билса-да, қайтиб келишга мажбур бўлган. Шунинг учун, умуман уйидан чиқмаган, дейлик, бирор жойда ишламаган кишилар хорижга чиқишдан олдин ҳам психолог кўригидан ўтиши турли кўнгилсизликларнинг олдини олади деб уйлайман.

Саволингиздаги яна бир ишорани тушундим. Аслида ривожланган, ривожланаётган давлатларда истиқомат қилувчилар орасида ҳам ўзи яшаётган жамиятга нисбатан турли даражадаги ички исёнлар бўлиб туради. Шунингдек, ривожланган давлатлардаги суицид ҳолати ривожланаётган давлатлардаги бу каби ҳолатлар сабаблари турлича. Аммо уларда ҳам суицид ҳолатларини кам деб бўлмайди.

- Руҳий касалликларни даволашда бугун қандай усуллар қўлланиляпти?

- Кейинги йилларда психотерапия йўналишида хусусий клиникалар очишга рухсат берилиши соҳа ривожи билан бирга беморларнинг дарддан фориғ бўлиши статистикасига ҳам таъсир кўрсатди. Нега деганда, одатда халқимиз руҳий касаллик билан оғриган беморни оила аъзолари ҳам рўйхатга олинадиган давлат шифохонасига кўп ҳолатларда олиб боришни истамайди. 34 йиллик тажрибамдан айтишим мумкинки, бундай ҳолатда улар беморни уйида яширишга ҳаракат қилади. Яширишнинг ҳеч иложи қолмагандагина шифокорга мурожаат қилишади. Афсуски, бундай пайтда унинг ҳолатини ижобий томонга ўзгартириш жуда қийин бўлади. Хусусий клиникаларнинг очилиши бундай «тўсиқ»ларни олиб ташлади ва истаган киши «рўйхатга тушиб қолишдан» қўрқмай мурожаат қила бошлади. Касаллик тузалиш кўрсаткичи ошди. Бунда албатта, замонавий даво йўллари, дори воситаларининг қўлланилиши, янгича ёндашув механизмлари ҳам ёрдам бермоқда.

- Психологик марказлар етарлими, нима деб ўйлайсиз?

- Назаримда, уларни кўпайтириш керак. Нафақат оилавий муносабатларда, балки инсонлар орасидаги барча муносабатларда, янаям муҳими, инсонни, ўзини англаб олишида психологларнинг ўрни бугун жуда муҳим. Иш услублари янгиланиши, аҳолининг турли қатламлари орасида ўзига хос услубда ишлаш механизмларини жорий этиш керак бўлади.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.