Тожиевга қадалган милтиқ: Буйруқни бажармасанг, отаман, солдат!
Айби тенгдошларидан бироз эрта, отасиз улғайгани бўлди. Ҳали ғўр йигит биринчилардан бўлиб уруш ўчоғига отланди. Қон кечди. Уч марта ўлим чангалига тушди. Билагини тешиб ўтган ўққа кўксини, бошини тик, мағрур тутиб берди. Йўқ, шунчаки тутиб бермади. Мардонавор олишди, курашди. Урушга қарши қарийб 100 йил курашди...
Қизғин жанг борарди. Устидан визиллиб ўтаётган ўқлар телпагини ҳам шилиб ўтди. Душман яқинлашиб қолган. Фурсат ғанимат. Бўш келмай, нишонга олавериш керак. Ҳа, шундай бўлди ҳам. Аввал боши, кейин билаги қўрғошиндай қизиди. Кейин...
У ёғи ёдида йўқ. Фақат бир йигитнинг елкасига осилиб, жанг майдонидан узоқлашиб бораётгани элас-элас кўз олдидан ўтади.
Ўқ фақат телпакни шилиб кетмаган. Аввал боши, кейин билагини тешиб ўтибди. Иссиғида сезилмаган экан. Полк командири бу талафотдан хабар топгач, шифокорни йўқлади. Анча аскар бой берилибди. Яна ўн-ўн беш нафар ярадорга қўшиб, уни ҳам “одам бўлмайди”, дейишди.
Ўшанда бир эмас, уч марта ўлимга рўбару келганди-я. Тағин, нега одам бўлмасин? У чидайди. Ортида ёлғиз дуогўйи - онаси бор. Қишлоғи, Ватанини ҳимоя қилади. “Ой бориб, омон қайт. Юзинг ёруғ бўлсин!”, дегани учун ҳам одам бўлади у.
Отахон билан бир йил аввал – Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида суҳбатлашгандик.
– Тангадай ёруғлик тушмайдиган заҳкаш ўрмонда соғлиғимни йўқотдим, – деганди ўша кунларни эслаб. – Кечаси кўзим кўрмай қолди. Тонг билан шомни фарқлаш қийин. Лекин олдинда муҳим жанг турибди. Рота бошлиғи икки соат ўрмон оралаб юришга буйруқ берди. Менда имкон борми? Равон йўлдан боравердим. Чунки кўз олдим кундан кун хирилашаб бораётганди. Бир сафар ўрмонда қаттиқ жароҳат олдим. Йиқилган қарағайга тўқнаш келибман. Урушга кирмай яраланган аскар, деган ном жуда оғир ботди ўшанда. Бошлиқ буни қаёқдан билсин? Табиийки, жаҳли чиқди. Менга ишонмади. Тайин қилинган жойгача ҳақоратлаб келди. Кейин отиб ташламоқчи бўлди. Кўксимга милтиқ тиради.
– Буйруқни бажармасанг, отаман, солдат!
– Шомда кўрмаяпман, ахир. Аммо чекинмайман, қоқилсам, койинма. Олға бораман. Ишонмасанг, иложим қанча, отавер!
У милтиқни ўқлади...
Полк бошлиқларидан бири кузатиб турган экан. Бир ишора билан уни тўхтатди. Яқин келиб, икки бармоғини кўзимга суқди. Қорачиғим ачишди. Ёшланди. Шунда ҳам кўзларим юмилмасди.
– Кимсан, исминг нима? – сўради бошлиқ.
– Оддий аскар, Тожиевман.
– Бас. Тожиевнинг кўзи кўрмаяпти. Аммо мард йигит экан. Унга ёрдам беринглар.
Шапкўр нигоҳ билан жангга кирдим.
Беш-олти ойдан сўнг аҳволим анча яхшиланди. Яна кўра бошладим. Лекин ўша жангдан сўнг барибир уйга қайтаришди. Шифохонада даволандим. Олти ой ичида яна чақириб оламиз, дейишганди. Аммо 1944 йилнинг ўрталарида уруш поёнига етаётгани маълум бўлди. Жамоа хўжалигида ишлаб юравердик.
Урушдан кейинги йиллар ҳам осон кечгани йўқ. Бугунги дориламон кунларни кўриш фақат бизга насиб қилди.
Баъзан тунлари уйғониб кетаман. Жанг майдони, уруш хотиралари ёдимга тушади. Улар мени бир умр тоблади. Фақат ҳалол яшашга ундади. Демак, ҳақиқий курашда ҳам ғолиб келяпман.
Ёшлар фаровон ҳаётнинг қадрига етиши керак. Бугунгидек замон, шароит ҳеч қачон бўлган эмас. Хотира ва қадр тушунчаси нега ёнма-ён ишлатилади? Чунки инсон иккиси билан тирик. У мана шу сўзларни айтишдан сира чарчамайди.
P/S.: Жомбойлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ғанижон Тожиев ҳақиқатан ҳам эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган инсон эди. Бутун умрини атрофдагиларга меҳр улашиш, ҳалол меҳнат билан кун кўриш, одамларни тинчликни қадрлашга чақириш учун сарфлади. 2019 йилда вафот этди.
Шерзод ИСОҚУЛОВ.