Толибонлар ҳужумидан сўнг 100 нафарга яқин афғон аскари Тожикистонга ўтди
4 июль куни толибонлар Афғонистоннинг Бадахшон вилоятининг Хохон туманини эгаллагач, 100 нафарга яқин афғон аскари Тожикистонга ўтди, деб хабар берди РИА Новостига Тожикистон чегара қўшинлари матбуот маркази.
Шанба куни толибонлар Хохон чегара комендатурасини эгаллагач, 300 дан ортиқ афғон чегарачилари Тожикистон давлат чегарасини кесиб ўтганлиги ҳақида Тожикистон чегара хизмати хабар берди.
"Якшанба куни соат 18:00 да «Толибон» ҳаракати қуролли гуруҳи Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Хохон туманини жангсиз эгаллаб олди. Афғонистон Қуролли Кучларининг 94 нафар ҳарбий хизматчиси чекинди ва шахсий таркибни сақлаб қолиш учун Тожикистоннинг Шоҳон сектори чегарасини кесиб ўтди», дея хабар беради агентлик.
Тожик чегарачилари инсонпарварлик тамойилларини инобатга олган ҳолда, чекинаётган Афғонистон ҳукумат ҳарбийларига ўз ҳудудларига ўтишга рухсат беришди.
«Давлат чегарасининг кўрсатилган қисмида оғир вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Афғонистон ҳукумати қўшинларининг Тожикистон ҳудудига кириб келиши давом этиши эҳтимоли мавжуд. Тожик-афғон чегарасидаги вазият тожик чегарачиларининг тўлиқ назорати остида», дейилади матбуот маркази баёнотида.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва қишлоқ жойларидаги муҳим ҳудудларни эгаллаб, йирик шаҳарларга ҳужум уюштираётган радикал «Толибон» ҳаракати жангарилари ўртасида қарама-қаршилик авж олмоқда. Мамлакатда беқарорлик АҚШ маъмуриятининг 11 сентябрга қадар иттифоқчилар билан тўлиқ мувофиқлашган ҳолда ўз қўшинларини афғон тупроғидан олиб чиқишни якунлаш ҳақидаги ваъдалари фонида кучаймоқда. 2020 йилда Вашингтон ва «Толибон» расмийлари Дохада 18 йилдан ортиқ уруш давомида биринчи тинчлик шартномасини имзолаган эди. У 14 ой ичида Афғонистондан хорижий қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва маҳбуслар алмашинувидан сўнг афғонистонаро мулоқот бошлашни назарда тутади.