Тошкент шаҳри билан қатновлар чекланадими? Транспорт вазирлиги аниқлик киритди

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати раҳбариятининг топшириғига биноан жорий йил 16 мартдан барча таълим муассасаларида, жумладан, коллеж, лицей ва олий таълим муассасаларида муддатдан олдин таътил эълон қилинди ва ўқишлар тўхтатилди.

Доимий яшаш манзили бўйича Тошкент шаҳридан вилоятларга чиқиб кетаётган йўловчилар оқими бир неча баробарга ортиб кетиши натижасида темир йўл вокзаллари ҳамда автовокзаллар айни дамда ҳар доимгидан кўра гавжум.

Бу каби вазият айрим шахслар томонидан нотўғри талқин қилиниб, ижтимоий тармоқларда “Тез орада Тошкент шаҳри билан вилоятлар ўртасидаги барча қатновлар тўхтатилади. Шунинг учун фуқаролар доимий яшаш манзилларига чиқариб юборилмоқда” мазмунидаги ҳақиқатдан йироқ бўлган маълумотлар тарқатилмоқда.

Транспорт вазирлиги бу каби маълумотлар мутлақо асоссиз бўлиб, Тошкент шаҳри билан шаҳарлараро йўналишларда амалга оширилаётган барча авиа, темир йўл, автомобиль ташувлари узлуксиз равишда давом эттирилишини маълум қилди.