Тошкентда болалар орасида коронавирус билан касалланиш кўпайди
Тошкент шаҳрида болаларнинг коронавирус билан касалланиши улуши ортяпти. Ўтган йили коронавирус пандемияси даврида умумий касалланишлар орасида болалар улуши 5-7 фоиз бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 25 фоиздан ортиб кетди.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда карантин қоидаларини ўтган йилгидек қатъий ва кескин даражада қайта тиклашга бирор асос йўқ. Сабаби, касалланиш кўрсаткичлари сўнгги 3 ой ичида паст даражаларда бўлиб келган. Ҳозир бирмунча юқори бўлса ҳам, бу карантин чекловларини кучайтиришга асос бўладиган даражада эмас.
Касалликнинг болаларда учраётгани ва тез тарқалаётгани британча штамм тарқалаётганининг яққол омилидир. Бунинг ўрнига умумэътироф этилган профилактика чора-тадбирларга кенгроқ эътибор бериш керак, дея таъкидлади Нурмат Отабеков.