Тошкентда “Istana” микроавтобуси ёниб кетди
Тошкент шаҳрида ўтган сутка давомида 5 та ёнғин ҳолати қайд этилган бўлиб, шулардан 4 таси қуриган ўсимлик ва хазонларнинг ёниши билан боғлиқ бўлган ёнғинларни ташкил этмоқда. Ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади.
Хусусан, 17 ноябрь куни соат 15:22 да, Сергели тумани, ТХАЙ кўчаси, Эркин кўприги олдида “Istana” русумли микроавтобус ёнган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 15:30 да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:35 да бартараф этилган.
Ёнғин автотранспорт воситасининг электр симларида вужудга келган қисқа туташув оқибатида содир бўлган, деб тахмин қилинмоқда. Ёнғин келтирган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин жойига 2 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.
Тошкент шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари ҳамда ходимларини, шунингдек, фуқароларимизни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраган.