Тошкентда “Спарк”ни олиб қочган шахс Қашқадарёда қўлга олинди

Аввал Тошкент шаҳар ИИББ Миробод туманидаги кўчалардан бирида ҳайдовчи томонидан қолдирилган “Спарк” автомобилини олиб қочганликда гумонланувчи шахс қидируви бўйича фуқаролардан кўмак сўраган эди.

Қайд этилишича, 13 август куни соат 20.30 да 102 рақамига 35 ёшли Жамшид А. қўнғироқ қилиб, номаълум шахс унинг “Спарк” автомобилини олиб қочганлигини маълум қилди. Автомобиль Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасида жойлашган Темир йўл бошқармаси ёнида қолдирилган эди. Ҳайдовчи калитни ўт олдиргичда, эшикни эса очиқ қолдирган бўлган. Автомобиль йўқолгани факти асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Машина олиб қочилган ҳудудда ўрнатилган видеокамераларга олиб қочилган вақт ва олиб қочган шахснинг юзи тушиб қолганди. Гумонланувчини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилгач, автомобиль техник соз ҳолатда 14 август куни Учтепа тумани Юсуф Саккокий кўчасида топилди.

Хабарга кўра, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчининг шахси аниқланиб, у 28 ёшли қашқадарёлик Шерзод Ж. эканлиги маълум бўлди. Гумонланувчи қўлга олиниб, тергов тадбирларини олиб бориш учун пойтахтга олиб келинди.