Товуқлар бош сони 150 бошгача камайтирилиши ёки товуқхона бир ҳафта муддатда бошқа жойга кўчирилиши керак

Бўлимимиз мутахассислари 2021 йил 12 март куни zаrnews.uz сайтида  Самарқанд шаҳар Бирлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган товуқхона маҳалла аҳолисига ноқулайлик туғдириб, у ердан бадбўй ҳидлар чиқаётганлиги ҳақида берилган мурожаат юзасидан 13 март куни ўрганиш ўтказди.

Бирлик маҳалласи раиси ҳамда товуқхона соҳиби иштирокида ўтказилган ўрганишда маҳалла ҳудудининг Бирлик кўчаси 1-йўлак 4-уйда жойлашган “SAM IXLOS PARRANDA” МЧЖ қўшма корхонасига қарашли 4500 бош товуқ ҳамда парранда жўжаларини инкубация усулида очириш фабрикаси ҳақиқатда мавжуд бўлиб, атрофи девор билан ўралган, аҳоли пунктига жуда яқин жойлашганлиги аниқланди.

Товуқхона атрофида яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашилганда улар шамол билан гоҳ-гоҳида бадбўй ҳидлар келиб туришини айтишди.

“SAM IXLOS PARRANDA” МЧЖ қўшма корхонасига 2018 йил 7 февралда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида 574070-сон билан  гувоҳнома берилган, аммо жойлашган жойи Самарқанд шаҳар Рудакий кўчаси 266-уй, деб белгиланган. Аммо ҳозирги кунда товуқхона юқорида жойлашган манзилда фаолият олиб бормоқда.

Аҳоли зич яшайдиган ҳудудда жойлашгани ҳамда товуқлар бош сонининг меъёридан ортиқ бўлганлиги сабабли ушбу товуқхона 2019 йил 24 июлда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг аҳоли пунктларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария меъёрлари ва қоидалари”га зид равишда санитария муҳофаза зонасининг бузилишига олиб келган.

Ўрганиш давомида “SAM IXLOS PARRANDA” МЧЖ қўшма корхонасига товуқлар бош сонини 150 бошгача камайтириш ёки бир ҳафта муддатда бошқа жойга кўчириш чораларини кўриш юзасидан топшириқ берилди.

Белгиланган муддатда юқорида кўрсатилган топшириқ  бажарилмаган тақдирда тегишли тартибда чоралар кўрилиши тўғрисида товуқхона соҳиби  огоҳлантирилди.

Б.Ҳакимов,

Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи ўринбосари.