Тўй баҳона шовқин кўтариш миллий анъаналар ва одоб-ахлоқ нормаларига зид бўлган номақбул одат
Жорий йилнинг 17 октябрь куни сайтимизда “Маҳалла оқсоқоллари айтилмаган тўйга келмади” сарлавҳаси билан Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар қўрғони, 29-даҳада машъала кўтариб, кўчани тирбанд қилган ва шовқин кўтариб, бутун шаҳарчани “бошига кўтарган” куёв жўралар маҳалла оқсоқоллари ёки посбонлари томонидан тартибга чақирилмагани юзасидан мақола эълон қилган эдик.
Мазкур мақолада кўтарилган масалалар бўйича Самарқанд вилояти маҳаллалар кенгаши томонидан қуйидаги муносабат билдирилди:
“Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Бироқ бундай тадбирларни ўтказишда миллий анъаналаримиз ва одоб-ахлоқ нормаларига мутлақо зид бўлган номақбул одатларнинг кириб келгани ачинарли ҳол. Ўйлаб топилган ушбу “урф-одатлар” кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолатларни бартараф этиш бўйича маҳалла фаоллари томонидан тегишли тарғибот ва тушунтириш тадбирлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 15 октябридан 16 октябрга ўтар кечаси соат 22:00 дан 23:50 гача Кимёгарлар шаҳарчасининг 29-даҳадаги тўйдан кейинги куёв жўраларнинг кўчада тирбандликни вужудга келтиргани ва уйқу пайти аҳоли тинчини бузгани 18 октябрь куни Нурли келажак маҳалла фуқаролар йиғинининг кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди. Мазкур ҳолатда туй эгалари огоҳлантирилиб, ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, кечки пайтда аҳоли тинчлигини таъминлаш бўйича масъул маҳалла участка нозири ва унинг ёрдамчиси – маҳалла посбонига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўтказилаётган туй ва маросимларни бир ўзи тартибга сола олмайди ва бунда жамоатчилик вакиллари, ички ишлар идоралари ходимлари, нуронийлар ва диний уламоларнинг ҳамкорлиги талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қўшма қарори моҳияти ҳам тўй ва маросимларда ортиқча харажат ва исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, биргаликда халқимиз фаровонлиги ва ривожини таъминлаш мақсад қилинган.
Самарқанд вилояти маҳаллалар кенгаши матбуот котиби”.