Тўйлардаги “инқироз”га ким сабабчи?

Аслида лўнда қилиб фақат мансабдорлар ва шу билан бир қаторда зиёлилар, дейиш ҳам мумкин. Негаки, масала ҳақида гап кетганда қадриятлардан сўзлаймиз, баҳслашамиз, аммо якунда яна мавҳумлик ва бўшлиқ қолади, холос.

Бу борадаги ўзаро фикр «уруши»да масалани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг имкони ҳозирча йўқлигига гувоҳ бўлдик. Ундан ҳам ёмони, бу иш азалий қадрият даражасидан тушиб кимўзар тадбирга айланиб улгурди. Бас шундай экан, шундай шароитда мансабдорлар ва зиёлилар “майдон"га чиқишлари керак эмасми?

Илми кўп-у амали йўқлар

Тўйларни тартибга солиш борасида энг кўп ким гапиради, албатта, мансабдорлар ва зиёлилар. Аммо амалда-чи?

Яқинда бир расмийдан “2-3 кунлик тўй ўтказишнинг маъниси нима” деб сўрашган. “Ҳа, энди элчилик, кўриб турибсиз-ку”, деган жавобни берган. Демак, тўйларни кимўзарга бўлишида ҳам “қовун қовундан” ранг оляпти.

Бугунги ҳолатлар уларда фақат маънавият қашшоқлигидан бошқаси эмас, дейиш мумкин. Зотан, ўзи дабдабали тўйларнинг тарғиботчисига айланаётган мансабдорларнинг хатти-ҳаракатига бундай ортиқ баҳо бериш душвор.

Ренессансни сохтакорлик билан қуриб бўлмайди

Негадир, мансабдорларимиз, унданам ёмони, зиёли қатламида ренессанс тарихий онгнинг бир қисми экани тан олинмаяпти. Давлат раҳбари бу ҳақда озмунча гапирдими? Биз эса тарихий онг ва ренессанс даврларини фақат ҳис-ҳаяжонга берилиб баён қиляпмиз, лекин у фактга ижодий ёндашиб, илмий-танқидий фикр қилмаймиз.

Мисол учун, тўйлар билан боғлиқ амалиётда ҳам буни кузатиш мумкин. Қаерда кўрдингиз ёки эшитдингиз мансабдор ёки зиёли киши ибратли тўй ўтказганини?

Энди мулоҳаза қилиб кўринг. Иккинчи ренессанснинг асосий фигураларидан бири ҳазрати Навоий ақчаси озлиги учун уйланмаганми? Ёки илмий давраларда ҳали ҳам илгари суриладиган фикр – севгилиси Гулига етолмагани учун никоҳсиз умр ўтказганми?

Назаримизда Низомиддин Мир Алишер ҳаво-ю нафсига кучи етган комил инсон бўлгани учун шундай йўл тутган.

Мансаб ва пул билан синалган каслар

Охирги вақтларда Самарқандда кузатилаётган бир неча ҳолат кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада бир “бойвачча” бир неча тахлам пулни сочиб юборди.

Яқинда ўтказилган ҳашаматли тўй туризм марказида бўлиб ўтган. Унда келин-куёв меҳмонлар қаршисига кемада сузиб келган. Саҳна учун энг қиммат декорациялар қилиниб, санъаткорлар хориждан чақиртирилган. Бу лавҳалар озмунча муҳокама бўлдими? Лекин алал-оқибат юқорида айтганимиздай, якунда мавҳумлик.

Аммо бу ҳашаматга ҳавас қилиб, шундай тадбир ўтказишни орзу қилганлар бўлмади, дейсизми?

Аввал ҳам айтилганидек, қандай тўй қилиш, яъни, шахсий маблағини қай тарзда сарфлаш ҳар кимнинг шахсий иши, дейишингиз табиий. Бироқ яқин ўтмишда бор мол-мулкини ватани учун тикиб юборган Саид Носир Миржалилов, Файзулла Хўжа каби кўзи тўқ аждодларимиз бўлгани-чи?

Ҳеч бўлмаса, бадавлат бир инсон фарзанди ўлароқ, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ўрнак бўлган Беҳбудий бўлиш сизу, бизнинг нега қўлимиздан келмаяпти? Очофатлик, кўзи тўймасликми бизнинг муаммоимиз?

Ёқубжон МАРҚАЕВ.