Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг уч нафар спортчиси олимпия ўйинларига боради
Тумандаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 72 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 450 нафар ўғил-қиз шуғулланмоқда.
Спортчиларнинг 2 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси, 9 нафари Ўзбекистон спорт устаси, 268 нафари спорт усталигига номзод, 171 нафари оммавий разрядга эга спортчилар.
- Марказда 15 та спорт тури бўйича машғулот олиб борилади, - дейди Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази директори Ўткир Қурбонов. - Спортчиларимизнинг 171 нафари, яъни 60 фоиздан кўпроғи Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси. 2023-2024 ўқув йилида улар Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида 100 та олтин, 98 та кумуш, 124 та бронза, Осиё чемпионати ва кубогида 2 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза медалларини қўлга киритди.
Марказимиздан дзюдо бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Давлат Бобонов, юнон-рум курашидан Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпиони Тўрабек Тиркашев, оғир атлетика бўйича икки карра Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Шарофиддин Амриддинов, эркин кураш бўйича Осиё чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби Шоҳида Аҳмедова ҳамда ўнлаб машҳур жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиблари етишиб чиққан.
Яқинда марказнинг икки спортчиси, академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Собиржон Сафаралиев ва Шаҳзод Нурматов Франциянинг Париж шахрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Шаҳзод Нурматов 1999 йил Тойлоқ туманида туғилган. 2016 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Сергей Тян. Унинг ҳисобида катталар ўртасидаги Осиё чемпионатларининг 2 та олтин ва 1 та бронза, U-23 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медали мавжуд. "Ханчжоу-2022" Осиё ўйинларида Сафаралиев билан жуфтликда бронза, М4 дастурида эса кумуш медаль соҳибига айланган.
Собиржон Сафаралиев 2002 йил Нуробод туманида туғилган. 2018 йилдан терма жамоа аъзоси. Мураббийи Сергей Тян. Сафаралиевда Осиё чемпионатларининг 2 тадан кумуш ва бронза медаллари бор. Нурматов каби "Ханчжоу-2022" Осиё ўйинларида жуфтликда бронза, М4 дастурида эса кумуш медални қўлга киритган. "Токио-2020" ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Нурматов ва Сафаралиев апрель ойида Жанубий Кореяда ўтган қитъавий лицензион турнирдаги муваффақиятли иштироки орқали енгил вазн тоифасидаги жуфтлик дастурида "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.
Ўзбек спортида ҳар бир даврнинг ўз юлдузлари бор. Дзюдочи Давлат Бобонов ҳам кейинги йиллардаги ана шундай спортчилардан бири бўлиб, нафақат ўзбек, балки жаҳон дзюдосида шуҳрат қозониб бормоқда. У Парижда ўтказиладиган ёзги олимпия ўйинларига йўлланма олди.
Давлат Бобонов 1997 йил Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилган. 2013 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи самарқандлик Нурали Қобулов. Бобонов терма жамоага қабул қилинганидан буён мусобақаларга вилоятимиз спортчиси сифатида чиқади. Самарқандда ўқиган, машғулотларни ҳам шу ерда олиб боради, шунингдек, Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида дзюдо бўйича тренер.
У Гран-при турнирларида 1 та олтин, қитъа чемпионатларида 2 та олтин ва 1 та кумуш, «Катта дубулға» турнирида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза, Мастерс таснифидаги мусобақаларда 1 та бронза, "Ханчжоу"-2022 ёзги Осиё ўйинларида 2 та кумуш, жаҳон чемпионатларида эса 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларига эга чиққан. "Токио-2020" ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига бронза медалини тақдим қилган. Кўрсатган натижалари эвазига II даражали «Соғлом авлод учун» ордени ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланган.
- 15 йилдан буён тренерим Нурали Қобулов қўл остида дзюдо билан шуғулланаман, - дейди Давлат Бобонов. – Ғолиблик ва мағлубият спортчи билан доим ёнма-ён юрар экан. Фаолиятим давомида ютуқлар билан бирга, мағлубиятларга ҳам учраганман. Муҳими, спортчи руҳан синиб қолмаслиги ва мақсади сари интилишдан тўхтамаслиги керак экан. Мана шу даражага етишимда устозим Нурали аканинг меҳнатлари катта ва бу меҳнатлар бесамар кетмаяпти, деб ўйлайман. У кишининг ёрдами билан Осиё ва жаҳон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, олимпиада совриндори бўлдим. Яқинда Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра, 90 килограмм вазн тоифасида "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритдим. Бу олимпиада чемпиони бўлиш учун менга яна бир имконят. Ундан унумли фойдаланиб, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.