Тойлоқда 96 оила Янги йилни янги уйда кутиб олади
Янги йил байрами арафасида Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласида 96 хонадондан иборат 4 та тўрт қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Кам таъминланган оилалар, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларга имтиёзли шартлар асосида берилган уйларни ўз эгаларига топширишга бағишланган маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Г.Алимова ва Р.Қобилов, Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров иштирок этди.
– Икки нафар фарзандим бор, – дейди янги уй эгаларидан бири Гулноза Турсунова. – Ўғлим туғма ногирон. Шу сабабли турмушимдан ажрашганман. Ўн бир йилдан буён онамнинг уйида яшар эдим. Фарзандларим билан кичик бўлса ҳам ўз уйимиз бўлишини, ҳеч кимга, яқинларимизга ҳам оғиримиз тушмай яшашни орзу қилардик. Аллоҳга шукр, Президентимизнинг ғамхўрликлари, эътибори туфайли ниятимизга етдик.
Янги уйга кўчиб ўтган 20 нафар оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларга уйларнинг бошланғич тўловлари хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги фонд томонидан тўлаб берилди.
Алишер ИСРОИЛОВ.