Тойлоқда қандай иқтисодий лойиҳалар қилинади

215 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Тойлоқ туманида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотларни жаҳон бозорларига чиқариш ғоялари ҳаётга кўчмоқда. Тумандаги саноат корхоналари томонидан 2021 йилда 862,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Чакана товар айланмаси 613,8 миллиард сўм, хизматлар ҳажми 901,9 миллиард сўм бўлди. 658,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.
– Туманимизда 3700 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлса, ўтган йилда қарийб 1200 та субъект фаолияти қонунийлаштирилди, - дейди туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров. – Фаолият юритаётган субъектларнинг асосий қисми хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келмоқда. Янги ташкил этилган субъектлар ва ишга тушган лойиҳалар ҳисобига ўтган йилнинг ўзида 4 мингдан ортиқ фуқаро иш ўрнига эга бўлди. 2021 йилда маҳаллий бюджетнинг даромадлар қисми режалаштирилган 58,5 миллиард сўм ўрнига 20 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Жорий йилда маҳаллий бюджетнинг даромадларини 115,3 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. Туманимизда бу йилги харажатларнинг 68 фоизи ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Хорижий сармоя - ишончли ҳамкорлик белгиси
Ўтган йил туманда асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми 809,6 миллиард сўмни ташкил этган. Бунда 3 миллион 183 минг АҚШ доллари ва 33,8 миллиард сўм тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб этилган бўлса, 568,6 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.
15 та корхона қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ипак матоси, қуритилган мева, узум данаги коньяк дистилляти, пэт гранулалар каби 20 га яқин маҳсулот экспорт қилган. Тумандаги 4 та корхона томонидан 28,1 миллион АҚШ долларилик хорижий сармоя ва хорижий кредитлар ўзлаштирилди. Бу эса ишлаб чиқариш салмоғи ва экспорт ҳажмининг янада ортиши, асосийси, қўшимча иш ўринлари яратилишидан дарак бермоқда. Жорий йилда 8 та корхона томонидан 17,3 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредитларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади
2021 йилги инвестиция дастури асосида қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш йўналишларида қиймати 254 миллиард 985 миллион сўмлик 157 та лойиҳа амалга оширилиб, қарийб мингга яқин иш ўрни яратилган. Жорий йилда эса ҳудудий инвестиция дастури асосида қиймати 1 триллион 79 миллиард 806 миллион сўмлик 92 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 1300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Биргина саноат йўналишида 1 триллион 10 миллиард 853 миллион сўмлик 35 та лойиҳа ҳисобидан 1100 га яқин иш ўрни яратилади.
Ўтган йил якунида республикамизда учинчи, вилоятимизда ягона бўлган автомобиллар шинаси учун дисклар ишлаб чиқариш бошланди. Бу йил қиймати 356 миллиард сўмлик қўшимча 10 та лойиҳа ишга туширилиши билан яна 850 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади. Бу йилги режалар ижроси билан экспортда талаб юқори бўлган маиший техника учун шиша, электр кабеллари, маиший техника кабел гуруҳлари, чиқиндини қайта ишлаш ускуналари ва қаттиқ чиқиндилар учун контейнерлар, мойли ва кварцли иситиш печлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Жорий йилда тумандаги фермер хўжаликлари томонидан 183,2 минг тонна мева-сабзавот, картошка, узум етиштириш ва маҳсулотнинг 43,5 минг тоннасини қайта ишлаш, 13,6 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштирилган.
Кейинги йиллардаги ислоҳотлар самарасида аҳолини қийнаётган муаммолар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шу асосда маълум маблағ ажратиш тизими йўлга қўйилди. Юртбошимизнинг талаби, бугунги сиёсатнинг замирида одамларни рози қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш масаласи бор. “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш шаҳар ва туманлар ҳокимликлари қошида “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га 7 миллиард 836,9 миллион сўм маблағ ўтказилади. Бу юқорида айтганимиздек, тумандаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
– Фақатгина ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан чекланиб қолмасдан, аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш ва таъмирлаш ҳам доимий эътиборимизда, - дейди Б.Бобоназаров. – Бу йилги инвестиция дастури асосида 58,6 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Ушбу маблағ ҳисобидан 3 та умумтаълим мактаби, 4 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та соғлиқни сақлаш муассасасида янгидан қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. 2 та сув иншооти қурилади, қирғоқ объектлари, электр энергияси, газ таъминотини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш ишлари бажарилади.
Биргина мактабгача таълим соҳасини оладиган бўлсак, туманда 3-7 ёшли болалар сони 17 719 нафарни ташкил этади ва 2021 йил бошида уларнинг боғчага қамров даражаси 59 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил бошида қамров 71,5 фоизга етди. Йил якунигача қамров даражасини 93 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бошқа соҳаларда ҳам олдимизга қўйган мақсадларимиз аҳоли фаровонлиги, инсон қадри, давлатимиз тараққиётига хизмат қилади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ
тайёрлади.