Тойлоқда йил якунига қадар 16 та объект қурилади
Туманда жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури асосида умумий қиймати 57,4 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда барча ижтимоий соҳа объектларида тендер танловлари ўтказилиб, ғолиб пудрат ташкилотлар аниқланган ва қурилиш ишлари давом этмоқда.
Туман ҳокимининг ўринбосари Сардор Эралиевнинг таъкидланишича, 7 та мактабнинг 2 минг ўринли қўшимча биноси қурилиши ва реконструкцияси учун 26 миллиард сўм, 120 ўринли 1 та мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси ва реконструкциясига 4,68 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, Галаботир маҳалласида 1,5 миллиард сўмга “Ибн Сино” оилавий-шифокорлик пункти реконструкция қилиниб, 50 қатновга мўлжалланган янги бино, Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 17,1 миллиард сўмга ётоқхона, ошхона ва спорт зал қурилиши белгиланган. Давлатобод, Ўрай Элипок, Зарафшон, Ўзбекистон, Янги ҳаёт, Навбаҳор маҳаллаларида эса 8,04 миллиард сўмга 6,5 километр масофада қирғоқ муҳофаза қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Туманнинг Шопўлат маҳалласида “Булунғур олтин сув” МЧЖ томонидан 120 ўринли 4-давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда.
- Икки ҳафта олдин қурилишни бошладик, - дейди “Булунғур олтин сув” МЧЖ иш юритувчиси Лазиз Воҳидов. – Ҳозирда пойдевор ишлари давом этмоқда ва йил якунига қадар қурилиш-реконструкция ишлари якунланади. Муассасада болажонлар учун ётоқхона, ошхона, бассейн, соғломлаштириш майдончаси, машғулот хоналари ҳозирги замон талаблари асосида қурилади.
Чароғбон маҳалласидаги Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида "Файз-ИЧ" МЧЖ томонидан 250 ўринли ётоқхона, 250 ўринли ошхона ва 34х36 ўлчамли спорт зал қурилмоқда.
- Қурилиш ишларининг 20 фоизини якунлаб, ғишт теришни бошладик, - дейди "Файз-ИЧ" МЧЖ раҳбари Фурқат Носиров. – Объектларда ишлатиладиган ҳар бир қурилиш материали сифат сертификатига эга ва қурилишларда синовдан ўтказилган. Иш жараёнлари вилоят қурилиш инспекцияси ҳамда қурилиш лойиҳаси ташкилотчиси томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.