Тойлоқлик тиббиётчилар энди касаллик варақаларини қўлда тўлдирмайди

Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасидаги рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган онлайн-поликлиника дастури ҳамда туманда қурилаётган ижтимоий соҳа объектлари танишуви бўйича пресс-тур ўтказилди.

Вилоят молия бош бошқармаси, Тойлоқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.

Туман даражасидаги technomed.uz дастури илк бор Тойлоқда

Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари, мана, бир ойдирки, касаллик варақаларини қўлда тўлдириш, қалин-қалин журналларга беморларнинг касаллик тарихини ёзишдан воз кечдилар. Гап шундаки, туман тиббиёт бирлашмасида бир ойдан бери technomed.uz дастури ўрнатилди ва ходимлар шу дастур асосида иш олиб бормоқда. Ушбу рақамли технологиянинг тиббиёт тизимида қандай афзалликлари бор, тиббиёт ходимлари-ю, беморлар учун қандай қулайликларга эга?

- Аввало, турли қоғозбозлик ҳолатларига чек қўйилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Улуғбек Сувонов оммавий ахборот воситалари ходимларига дастур қулайликлари ҳақида тушунча берар экан. – Мурожаат қилган беморларнинг касаллик тарихидан тортиб, уларга қўйиладиган ташхис, тайинланадиган дори-дармонлар – барчаси компьютерга киритилади ва ўша ерда сақланади. Бу дастур шаффофликни таъминлаши баробарида коррупциянинг олдини олади, поликлиникада беморларнинг навбатини тўғри ташкиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Қолаверса, тез тиббий ёрдам чақиртирган бемор ҳақида шифокор то унинг уйига боргунга қадар анча маълумотларга эга бўлиши мумкин. Яқин кунларда патронаж ҳамшираларнинг ҳар бирига планшет тарқатилади, улар ўз ҳудудидаги аҳоли ҳақидаги барча маълумотларни унга киритиб, қайси хонадонга қачон кирганлиги, қайси маълумот киритганлигини туман тиббиёт бош шифокори ҳам кўриб туради.

Ушбу дастур ҳозирча фақат туман тиббиёт бирлашмасида ишлаяпти. Бунинг учун 130 та компьютер жамланмаси харид қилинди, тезкор интернет тармоғига уландик.

Реабилитация маркази ерига нега артишок экилди?

Туманнинг Жумабозор маҳалласи ҳудудидаги поликлиника биносининг иккинчи қаватига шу пайтга қадар фойдаланилмай турган, бўш ер майдонлари ҳам самарасиз ишлатилган. Яқинда ушбу оилавий поликлиника тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, иккинчи қавати санатория типидаги реабилитация марказига айлантирилмоқда. Марказда 14 турдаги физиотерапия, жисмоний даволаниш машқлари учун  8 та ускуна келтирилган. 

Марказ ҳовлисида эса мутасаддилар саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда кам учрайдиган бир қатор доривор ўсимликлар, жумладан, годжи, артишок, оқ каррак (расторопша) каби ўсимликлар мутахассислар ҳамкорлигида ўстирилмоқда. Мазкур маскан Дарғом каналига 200 метр узоқликда, майдонига мингга яқин арча ва бошқа дарахт кўчатлари экилгани учун ҳудудда ўзгача микроиқлим юзага келган.

- Шунинг учун келгусида бу марказ санаторийга айлантирилиши ҳам режада бор, - дейди марказ бўлим бошлиғи Фахриддин Файзимуродов. – Биринчи июндан бошлаб ишга туширилиши режалаштирилаётган марказда терапия, неврология, таянч ҳаракати билан боғлиқ касалликлар профилактикаси, даволаниши йўлга қўйилади. Юқорида номлари келтирилган ўсимликлардан тайёрланадиган дамламаларни беморлар фитобарда татиб кўриш имконига эга бўлишади.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари туманда яқинда қайта реконструкциядан чиққан 1-сон маданият маркази фаолияти, қурилиши давом этаётган ахборот-ресурс марказини кўздан кечирдилар.

Гулруҳ Мўминова.