Трамп АҚШда юз бераётган оммавий тартибсизликларни “терроризм” деб атади

АҚШ Президенти Доналд Трамп Жорж Флойд ўлимидан сўнг мамлакатни қуршаб олган оммавий тартибсизликларни “ички террор”, деб атади.

“Шу ерда, мамлакат пойтахтида, полиция бошқармаси қўлга олинди. Линколн мемориали ва Иккинчи жаҳон уруши мемориали вандализмга учради. Бизнинг энг асосий ва тарихий черковларимиздан бири ёқиб юборилди. Калифорния офицери ва афроамерикалик бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш қаҳрамони отиб ўлдирилди. Бу тинч норозилик намойишлари эмас, бу бегуноҳ одамларнинг қонини оқизаётган ички террор намойишлари. Бу инсониятга қарши жиноят”, дея таъкидлади Трамп Оқ уйда қилган чиқишида.

Федерал Миллий гвардия бошқармаси раҳбари генерал Жозеф Ленгиел берган маълумотга кўра, айни вақтда 17 мингдан ортиқ Миллий гвардия жангчилари АҚШдаги тартибсизликларга қарши кураш олиб бормоқда.

Шунингдек, Вашингтонда якшанба куни жорий этилган “комендант соати” яна 48 соатга узайтирилган. Бу ҳақда Вашингтон мэри Мюриэл Боузер 1 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида хабар қилган.