Трамп Эронга ноядровий қурол етказиб берилишига қарши санкциялар тўғрисидаги қарорга имзо чекди
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга ноядровий қурол етказиб берилишида ва у ердан қурол олиб чиқилишида иштирок этганларга нисбатан қатъий иқтисодий санкциялар жорий этилиши тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт О‘Брайен маълум қилди.
“Президент бир неча дақиқа олдин Эрон Ислом Республикасига ядровий бўлмаган қуролларни етказиб бериш, сотиш ёки топширишда иштирок этган давлатлар, компаниялар ва шахсларга нисбатан қатъий иқтисодий санкциялар жорий этилиши тўғрисидаги фармонга имзо чекди”, деди маслаҳатчи.
У Трамп фармони Эронга қурол сотишни ҳам, у ердан қурол сотиб олишни ҳам тақиқлашини алоҳида таъкидлади.
“БМТдан фарқли ўлароқ, АҚШ Яқин Шарқ ва бутун дунёда Эронга баллистик ракеталар ва бошқа илғор қуролли тизимлар импортчиси ва экспортчисига айланишига йўл қўймайди” қўшимча қилди у.