Трамп жиноятчилик авж олган шаҳарларга қўшимча куч юборилишини эълон қилди

АҚШ Президенти Дональд Трамп жиноятчилик авж олган Чикаго ва бошқа шаҳарларга қўшимча федерал кучлар юборилишини маълум қилди.

“Сўнгги ҳафталарда полиция департаментларини молиялаштиришни тўхтатиш ва тарқатиб юборишга қаратилган бузғунчи “чап қанот” ҳаракатлари бошланди. Тажовузкор сиёсатчилар полицияга қарши ушбу салб юришга қўшилди”, деб таъкидлади Трамп Оқ уйда қилган чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар қотиллик, ўқ отар қурол билан жароҳат етказиш ва бошқа турдаги зўравонликларнинг ошиб кетишига сабаб бўлди.

- Бу қон тўкишлар тўхташи зарур ва у тўхтайди. Мен бугун зўравонлик ва жиноятчилик қўршовида қолган ҳудудларимизда федерал ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари сони кескин ошишини эълон қиламан. Бизнинг вазиятга аралашишдан бошқа чорамиз йўқ, - деди президент.

Шу билан бирга, давлат раҳбари жиноятчиликка қарши курашиш сайланган маҳаллий ҳукумат ваколатига киришини, маҳаллий ҳукумат бунинг уддасидан чиқа олмаса, фожиа содир бўлишини эслатиб ўтди.