Трампнинг гапидан кейин Эрон қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди. Коронавирус қурбонларининг умумий сони эълон қилинди. Туркманистон фантастик иқтисодий ўсишда

🔹 АҚШ президенти Трампнинг 30 март куни берган интервьюсида агар Вашингтон ва Теҳрон Эрон ядро дастури бўйича келишувга эришмаса, Қўшма Штатлар Эронга зарба беришини айтиши ортидан Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий мамлакат қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди. Эрон Ироқ, Қувайт, БАА, Қатар, Туркия ва Баҳрайнга АҚШнинг Эронга ҳужумини ҳар қандай қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг ҳаво ҳудуди ёки ҳудудидан АҚШ ҳарбийлари томонидан фойдаланиши “душманлик ҳаракати” сифатида баҳоланиши ҳақида хабарлар юборди.
🔹 Трамп фонд бозорини қулашини истамаслигини айтди, лекин бу зарур эди - "Мен ҳеч нарса қулашини хоҳламайман, лекин баъзида бирор нарсани тузатиш учун дори ичиш керак". Иқтисодчи ва таҳлилчилар фонд бозорининг қулаши "Қора душанба" номи билан тарихда қолган 1987 йил октябрдаги қулаш билан тенглашишини кутмоқда. Трамп тарифларни мавжуд бўлмаган эксперт маслаҳатига кўра жорий қилгани айтилмоқда.
🔹 Дунёдаги энг йирик нефть экспортчиси - Саудия Арабистони осиёлик харидорлар учун нефть нархини сўнгги тўрт ой ичида энг паст даражага туширди.
🔹 Ироқдаги эронпараст жангарилар АҚШ билан урушга киришмаслик учун қуролларини ташлашга тайёр. Катаиб Ҳизбуллоҳ қўмондонларидан бири агентликка: "Трамп урушни кейинги босқичга олиб чиқишга тайёр. Биз бу сценарийдан қочишни истаймиз", деди.
🔹 Исроил яқин ҳафталарда Ғазо секторига гуманитар ёрдам ўтишини қисман тикламоқчи.
🔹 ЖССТ коронавирус пандемиясидан дунёда қанча одам вафот этганини маълум қилди. "COVID-19" 7 миллион 100 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. Маълумотлар 2025 йилнинг март ойи ҳолатигакўра айтилмоқда. Экспертнинг таъкидлашича, ишларнинг умумий сони 778 миллионга яқинлашган. Инфекция ва касалхонага ётқизиш ҳолатлари бугунги кунгача давом этмоқда.
🔹 Лимон экспорти бўйича дунёда олтинчи ўриндаги Туркия ички бозорни мувозанатлаш ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида 8 апрелдан бу маҳсулот экспортини вақтинча тўхтатади.
🔹 Туркманистон мисли кўрилмаган иқтисодий ўсишга эришди. 2025 йилнинг дастлабки уч ойида мамлакат иқтисодиёти ишончли ижобий динамикани – ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга ўсганини кўрсатди. Ўсишнинг асосий омилларидан бири ёқилғи-энергетика сектори бўлди.
🔹 Эртага Ерга кучли магнит бўрони ёпирилади ва ҳафта охиригача давом этади.
Г.Холдорова тайёрлади.