“Tezcard”ни ишлата олмадик, энди навбат “АТТО”гами?
Бир муддат олдин ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда “Қайтим нега берилмаяпти?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Самарқанд шаҳридаги жамоат транспортининг аксариятида электрон тўлов тизимининг ишламаслиги, йўловчилар йўлкирани нақд тўлаганда қайтим берилмаётгани ва бу ҳолатга масъуллар кўз юмиб келаётгани танқид қилинган эди.
Вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати мазкур мақола юзасидан муносабат билдириб, ҳолатга шундай изоҳ берган:
“Ҳақиқатан ҳам Самарқанд шаҳар жамоат транспортида тадбиқ этилган “Tezcard” электрон тўлов тизими ўзини оқламади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 ноябрдаги "Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Самарқанд шаҳар жамоат транспортида (Автобус ва трамвай) “АТТО” электрон тўлов тизими йўлга қўйилди. “АТТО”нинг “Tezcard”дан фарқи шундаки, валидаторлар тўғридан тўғри автобус салонидаги таянч устунларига ўрнатилган.
Бугунги кунда шаҳар йўналишларида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи барча автобусларда мазкур электрон тўлов тизимидан фойдаланиш мумкин...”.
Бу муносабатда эътиборимизни тортган биринчи масала шуки, мақола сентябрда чиққан, расмийлар эса янги тизим июль ойидан бери ишлаяпти, дея жавоб беришмоқда. Унда жамоатчиликнинг эътирози қаердан келиб чиқяпти? “Tezcard” ишончни оқламади”, дейилди. аммо яна савол келиб чиқади: Ишончни оқламадими ёки ишлатилиши назорат қилинмадими? “АТТО” муаммосиз ишлаётган бўлса, нега “кандуктор”лар нақд пул талаб қиляпти? Нақд пулда қилинган ҳисоб-китобда қайтим нега берилмаяпти? Савол кетидан савол туғилаверади.
Хулоса шуки, муносабатда муаммонинг сабабига ҳам, ечимига ҳам аниқ бир жавоб берилмаган. Жамоат транспортидаги назоратсизлик, қайтимларнинг берилмаслиги ҳолатларига-ку умуман тўхталинмаган. Самарқанд шаҳри юзидаги энг катта доғ қачон йўқотилади?
Яна бир масала. Жорий йилнинг апрель ойида Президентимиз Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишган эда. Унда масъуллар Самарқандда ҳозиргига қўшимча 40 та янги йўналиш, хусусан, аэропорт, вокзал ва тарихий марказларни боғлайдиган 5 та экспресс йўналиш ташкил этилиши, автобуслар катта сиғимлисига алмаштирилиб, марказий кўчаларда уларнинг ҳаракати учун алоҳида йўлак ажратилишини айтишганди. Яқинда биз транспорт бошқармаси масъуллари билан боғланиб, бу йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот сўрадик. Жавоб қўйидагича:
“Бугунги кунда шаҳар автобус йўналишларидаги автобусларни янгиларига алмаштириш мақсадида “Мароқанд транс 777” МЧЖ томонидан банк кредитлари ҳисобига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 80 дона Кинг Лонг русумли автобус олиб келиш режалаштирилган. Мазкур автобуслар жорий йилнинг октябр ойида Самарқанд шаҳрига кириб келиши кутиляпти. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу автобуслар аҳолининг жамоат транспортига бўлган талабидан келиб чиқиб, йўналишларга жойлаштирилади”.
Демак, бу юқоридаги вазифаларнинг ҳозиргача қилинган қисми. Агар кўпроқ иш қилинганда, масъуллар кўпроқ маълумот берар эди, албатта. Хулоса ўзингиздан.