Туманларда оғир касалларга хизмат кўрсатувчи тиббий марказлар очилади
Қайд этилишича, жорий йилга мўлжалланган давлат дастурида олис туман марказларида қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари очиш вазифаси белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Булунғур, Иштихон, Ургут ва Пахтачи туманларида шундай марказларни ташкил қилиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.
Негаки, Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси М-37 “Ашхобод-Тошкент” автомагистраль йўли яқинида жойлашган. Туман тиббиёт бирлашмаси бугунги кунда 152 мингга яқин аҳоли, шунингдек, Нарпай, Каттақўрғон туманлари ҳамда қўшни Навоий вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Бирлашма ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали ўртасидаги масофа 141 километр, Каттақўрғон политравма маркази орасидаги масофа эса 56 километр. Шу боис марказни Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси биносига жойлаштириш мақсадга мувофиқ, деб топилган.
Бирлашманинг 25 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлими 4 қаватли бинонинг 1-қаватида жойлашган. Стационар ва портатив рентген аппаратлари учун махсус хоналар, бинонинг қабул бўлими кириш қисмида ангиограф аппарати учун жой мавжуд. МСКТ аппаратини ишлатиш учун мутахассис бор, “Ангиограф” аппаратини ишлатиш учун эса 2 нафар мутахассисни тайёрлаш режалаштирилган. Иккинчи қаватда 3 та операцион хона, 9 та реанимацион ўринлар ва 50 та политравма ўринлари тайёрланган.
Булунғур, Иштихон ва Ургут туманлари туман тиббиёт бирлашмалари ҳам марказ ташкил қилиш учун худди шундай параметрларга эга.
Бу ишни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг “Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланган.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашиниг йигирма бешинчи сессиясида депутатлар қарор лойиҳа юзасидан ишлаб чиқилган таклифларни кўриб чиқиб, тегишли қўшимча ва ўзгартишларни киритган ҳолда тасдиқлади.