Бирламчи тиббиёт: контейнерлар ўнлаб километрларни қисқартирди
Шу муассасада 25 йилдан буён ишлаётган бўлсам, шу пайтга қадар унда оддийгина қўлювгич бўлмаган, қўлбола шароит қилиб олгандик. Туғруққа келган аёллар ҳам санитария ҳаминқадар бўлган муассасада фарзандли бўлишга мажбур эди. Ёзда-ку, майли, қиш ойларида айниқса, жуда қийналардик. Мудом ўтин, кўмир билан бинони иситиш нафақат тиббиёт ходимлари, беморларга ҳам ноқулайлик туғдирарди.
Бу – Нуробод тумани тиббиёт бирлашмасининг Сазағон ҳудудий бўлимида фаолият юритаётган акушер-гинекологнинг фикрлари. Бугун мазкур ҳудудда вазият кескин ўзгарганини кўрдик.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган пресс-турда иштирокчилар Нуробод, Паст Дарғом, Самарқанд туманларида бирламчи тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар билан таништирилди.
Вилоят миқёсида фақатгина Нуробод ҳамда Қўшработ туманларидагина тиббиёт бирлашмаларининг ҳудудий бўлимлари фаолият кўрсатади. Нурободда шундай ҳудудий бўлимлардан учта. Уларнинг иккитаси ўтган йиллар давомида реконструкция қилинган бўлса, терапия, болалар ва туғруқ бўлимларидан иборат Сазағон бўлимига янги, замонавий бино шу йил насиб этди.
Бир қисми 1959 йили қурилган тиббиёт муассасаси янгиланди
- Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Сазағон ҳудудий бўлимига янги бино қуриб берилди, - дейди Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Абдулла Абиев. - Бўлим марказий кўп тармоқли поликлиниканинг 50 қатновга мўлжалланган филиали ва 15 ўринли (5 ўрин терапия, 5 ўрин болалар ва 5 ўрин туғруқ) стационар қисмидан иборат. Тепақул, Сарой ва Сазағон маҳаллаларида яшовчи 11 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ҳудудий бўлимда 7 нафар шифокор, 25 нафар хамшира ва 10 нафар бошқа ходимлар ишлайди.
Туман марказидан 40 километр узоқликда жойлашган Сазағон ҳудудий бўлими эски биносининг бир қисми 1959 йил, иккинчи қисми эса 1982 йилда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, шу вақтгача мослаштирилган биноларда ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келинаётган эди. Ҳомий “AZIA METALL PROF” корхонаси томонидан жорий йилнинг май-июнь ойларида 2,5 миллиард сўм маблағ эвазига барча қулайликларга эга бўлган янги бино қуриб берилди.
Шунингдек, йил давомида учта оилавий шифокорлик пункти биноси мукаммал таъмирланди. 23 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Яхши биласиз, Нуробод туманининг аҳоли яшаш пунктлари орасида масофа жуда катта. Шунинг учун маҳалла тиббиёт пунктларининг ташкил этилиши аҳоли учун қулайлик бўлди.
“Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тойлоқ, Ургут, Оқдарё, Паст Дарғом туманлари, Самарқанд шаҳри ҳамда Қашқадарё вилоятидан 10 нафар врач олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилинди.
Самарқанд туманида тиббиёт пунктининг ўз қуёш батареяси бор
Паст Дарғом тумани Юқори Боғонали маҳалласида ташкил этилган маҳалла тиббиёт пункти икки мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатади. Мазкур тиббиёт пункти шифокори Фахриддин Азимовнинг таъкидлашича, аҳолининг маълум қисми ўзларига тегишли бўлган оилавий шифокорлик пунктига қатнашлари учун ҳатто 15 километрга яқин масофани босиб ўтишларига тўғри келган.
Самарқанд туманидаги Янгижой маҳалласида ташкил этилган маҳалла тиббиёт пункти ҳам 2 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Оҳалик оилавий шифокорлик пунктига қарашли бўлган мазкур шохобча бошқа шундай пунктлардан фарқли равишда ўзининг қуёш батареясига эга.
Янгижой маҳалласида шу йилнинг апрель ойида ташкил этилган мазкур пунктда ҳар куни 50 нафарга яқин аҳолини қабул қилиб, уларга зарур тавсиялар бериляпти, - дейди ушбу пункт шифокори Саодат Тиллаева. – Аҳоли асосан мавсумий хасталиклар билан бир қаторда, қон босимининг юқорилиги, қандли диабет, юрак-қон томир касалликларидан шикоят қилмоқда. Аҳоли масофа анча қисқарганидан, тиббиёт уларга янада яқинлашганидан, қолаверса, пунктимиз мактабга жуда яқинлигидан мамнун.
569 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш яқинлаштирилди
-Бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини аҳолига яқинлаштириш ва бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида 2021 йилда 11 та бирламчи тиббиёт муассасаси, жумладан, 6 та оилавий шифокор пункти ва 5 та янги оилавий поликлиника ташкил этилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходими С.Ўтамуродов. - Жорий йилда яна 11 та бирламчи тиббиёт муассасаси очиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 6 та оилавий шифокор пункти ва 2 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. 210 та маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Бошқача қилиб айтганда, 569 000 нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш яқинлаштирилди. Йил якунига қадар яна 3 та бирламчи тиббиёт муассасаси очилади.
Гулруҳ МЎМИНОВА.