Тиббий марказда санитария ҳолат қониқарсизми?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги “MEDICAL OF CHINA GUANGZHOU SAMARKAND” МЧЖ тиббий даволаш-диагностика маркази санитария талабларига жавоб бермаган ҳолда иш фаолиятини юритаётганлиги ҳақида мурожаат эълон қилинганди.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари ҳолат юзасидан мазкур тиббий даволаш-диагностика марказида ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганишлар натижасига кўра, “MEDICAL OF CHINA GUANGZHOU SAMARKAND” МЧЖ тиббий даволаш-диагностика маркази давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилган. Марказда мутахассислар халқ табобатининг инвазив ва ноинвазив, парҳез ва ўсимлик воситаларини қўллаш йўналишларида диагностика ва консерватив даволаш тиббий фаолияти билан шуғулланади.

Тиббий даволаш-диагностика маркази жойлашган бино хоналарининг санитария ҳолати қониқарли. Хоналарда жорий ва мукаммал тозалаш ишлари олиб борилган. Мурожаатчининг бир хонага 30 нафарга яқин беморларни даволаш учун ётганлиги ҳақидаги маълумоти ўрганишлар давомида ўз тасдиғини топмади. Молиявий масалалар бўйича кўрсатиб ўтилган мурожаат вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг ваколат доирасига кирмаганлиги сабабли, ушбу ҳолат давлат солиқ идораси томонидан ўрганилмоқда.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.