Турдимовнинг топшириғи қай даражада бажарилди?
Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов Самарқанд шаҳридаги муаммоси кўп бўлган маҳаллаларда бўлиб, жойлардаги ободонлаштириш ишлари, кўп қаватли уйлардаги аҳвол, ноқонуний қурилаётган уйлар ва уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолияти билан танишиб, мутасаддиларга йўл қўйилган камчиликларни бир ҳафта ичида бартараф этиш бўйича топшириқлар берган эди.
Zarnews.uz мухбирлари вилоят ҳокими юрган маҳаллаларда бўлиб, берилган топшириқлар қай даражада бажарилаётгани билан танишди.
***
Биз дастлаб Самарқанд шаҳридаги "Ўрикзор" маҳалласида бўлдик.
Буюк Ипак йўли кўчасидаги ариқлар чиқиндилардан тозаланган, айрим тадбиркорлар томонидан бинолардаги реклама ва ёзувлар давлат тилида ёзилганлигини гувоҳи бўлдик. Бироқ барибир айтилган камчиликлар охиригача бажарилмаган. Яъни, кўмилиб кетган ариқлар очилмаган, борлари ҳам охиригача тозаланмаган, айрим уддабуронлар барг-хазон ва қурилиш чиқиндиларини оқова сув тармоқларига ташлаб қўйишган.
Баъзи бир тадбиркорлик субъектларидаги ёзувлар ҳануз ўзгартирилмаган. Кўчанинг ўртасида эса очиқ қолган канализация қудуқларини кўриш мумкин.
Вилоят ҳокими қайд этган камчиликлардан бири маҳалладаги ноқонуний қурилган деб ҳисоблаган кўп қаватли уй ёнидаги майдон асфальт қилиниб, чиқиндилар тозаланди. “Сув таъминот” МЧЖ ишчилари томонидан ичимлик суви қудуқлари бетон билан сувалиб, устига қопқоқлар ўрнатилмоқда. Профилактика инспектори яшайдиган уй ҳам тартибга келтирилиб, ободонлаштирилган. Бироқ кўп қаватли уй бурчагидаги темир вагон эса ҳануз олиб кетилмаган. 127 ва 127-кўп қаватли уйларнинг олдидаги болалар майдончаси ёнидаги ўриндиқлар тартибга келтирилмаган.
Маҳалладаги ўзгаришлар ҳақида тўлиқ хабардор бўлиш учун "Ўрикзор" маҳалласи раиси Абдуҳошим Абдушукуров ҳамда ва кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи «Ўрикзор» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисини излаб тополмадик.
Худди шундай муаммолари бўлган "Беклар" ва Абдулла Авлоний номли маҳаллада ҳам айтилган топшириқлар қисман бажарилган. Маҳаллалар ҳудудларидаги савдо дўконлари ва ошхоналарнинг номлари, реклама паннолари ҳамон хорижий тилларда ёзилганича турибди. Ариқлар тўлиқ тозаланмаган, кўчаларда йўловчилар ташлаб кетган қоғоз, бакалашка ва шишаларини кўриш мумкин. Чиқиндихоналарда тартиб йўқ.
Шунингдек, вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрининг Беруний ва Рудакий кўчалари чорраҳасидаги маҳалла ва кўчаларни ҳам кўздан кечирган эди.
Рудакий кўчаси ёқасидаги савдо дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги реклама ёзувлари ўзгартирилмаган. Тўғри, чиқиндихона тозаланиб, 84- ва 86-кўп қаватли уйлар олдидаги ковланиб ташланган майдон асфальт қилинибди. Болалар майдончаси тартибга келтирилиб, ўриндиқлар ўрнатилган.
Бироқ уларнинг ёнидаги эски болалар майдончаси бетартиб аҳволда, ичимлик сув тармоқларидан сув сизиб оқяпти. Орадан бир ҳафта ўтса-да, маҳаллада яшовчилар чиқиндиларини яна кўчага ташлаб кетмоқда. Айрим фуқаролар ноқонуний равишда автоуловларини қўйиш учун ёпиқ майдончалар ташкил этиб олишган экан.
Шаҳарнинг Беруний кўчаси 9–кўп қаватли уйнинг олдидаги болалар майдончаси қаровсиз аҳволга келиб қолган. Айрим ўйин жиҳозлар ишдан чиққан. Бир ҳафта ичида шу ердан тортилган иссиқлик тармоқлари кўмилиб, тартибга келтирилибди.
Маҳалла рўпарасида "Темирйўл деҳқон бозори" жойлашган бўлса-да, айрим олибсотарлар тадбиркорлик ниқоби остида маҳаллага кириш жойида қўлбола бозорча ташкил этиб олишган. Сут-қатиқ, писта-бодом, қурут, шунингдек, мева шарбатлари сотувчиларнинг қўлларида Самарқанд шаҳар санитария-эпедемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан берилган маҳсулотларнинг санитария талаблари асосида тайёрланганлигини тасдиқловчи маълумотлари йўқ.
Ўтган йили Самарқанд шаҳрининг Рудакий кўчаси икки ёнига “Баҳор гуллари” МЧЖ томонидан турли гул ва буталар экилган эди. Бироқ улар яхши униб чиқмаган ҳудудларда қайтадан экилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда шаҳар ободонлаштириш ва вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармасининг ишчилари томонидан йўл ёқаларини ободонлаштириш, йўлларни текислаш ва маҳаллалар аҳолиси томонидан дарахт кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Сиёб ариғи аҳволи билан танишар экан, саёз ва чиқиндиларга тўлиб қолган сув йўлини тозалаш, ариқ ёқаларини ободонлаштириш, темир панжаралар ўрнатиш борасида мутасаддиларга топшириқ берди.
Ўйлаймизки, бугунги кунда амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар Самарқанд шаҳрини янада шинам ва обод масканга айланишига хизмат қилади.
Дилмурод Тўхтаев,
Хусан Элтоев,
Бахтиёр Мустанов
“Zarnews.uz” учун махсус.