Туризм соҳасининг етук вакилларига диплом топширилди

"Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда университет раҳбарияти, йирик иш берувчи ташкилотлар вакиллари, бакалавриат ва магистратура таълим босқичларини муваффақиятли якунлаган битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Жорий йилда университетни кундузги таълим йўналишларида 120 нафар, сиртқи таълим йўналишларида 145 нафар ҳамда магистратура босқичида 185 нафар талаба тамомлади. Шу билан бирга, 16 давлатдан келган 66 нафар хорижий талаба ҳам дипломга эга бўлди.

Тадбирда ниверситет ректори Азиз Абдуҳакимов сўнгги ўқув йилида университет томонидан эришилган ютуқлар, халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар ва битирувчиларнинг юрт тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ҳақида гапирди. Бугун мамлакатимизнинг туризм ва маданий мерос соҳаларида айнан ушбу университет битирувчилари фидокорона меҳнат қилиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.

Қувонарлиси, истеъдодли битирувчилардан Сабина Мустафақулова ва Албина Холиева дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари рўйхатидан ўрин олган Буюк Британиянинг Глазго университетининг магистратура босқичига қабул қилинди. Шунингдек, яна тўрт нафар битирувчи Хитойдаги машҳур Пекин халқаро тадқиқотлар университетида ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлди.
Маросим якунида барча битирувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди.