Туркистон мухторияти етакчиларидан эди

XIX аср охири XX аср бошида Туркистон минтақасидаги жараёнларда жадидлик ҳаракати муҳим аҳамият касб этди ва қатор илғор ғоялар илгари сурилди. Жадидларнинг фикрига кўра, халқни ғафлат уйқусидан уйғотишнинг ягона йўли уларни маърифатли қилиш, бу йўлда янгича тузум ва тартибларни жорий этиш, янги усул мактабларини очиш ва инсонларни илғор жаҳон тажрибасидан воқиф қилиш лозим эди. Шу боис жадидлик ҳаракатининг моҳияти миллат ва жамиятнинг тафаккурини янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлган.

Жадидлик ҳаракатининг юзага келиши ва ривожланиш босқичларини таҳлил қилиш учун ўша даврдаги тарихий жараёнларга тўхталиш мақсадга мувофиқ. Жадидлик моҳиятига кўра сиёсий ҳаракат эди. Улар Туркистонни мустамлака ботқоғидан олиб чиқишнинг энг муҳим омили халқни саводли, маърифатли қилиш эканини яхши тушунар эди. Шу боис янги усулдаги мактаблар ташкил қилинди. Бу мактабларни ўша даврнинг илғор кишилари, бойлар моддий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Бундай мактаблар Самарқандда дастлаб 1893 йилда ташкил этилди. Бу ўринда жадидлик ҳаракатининг нафақат Самарқандда, бутун Туркистон ўлкасида етакчиси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий янги усул мактабларини ташкил қилиш, уларни замонавий дарсликлар, дунёвий илмлар билан ҳам таъминлаш ишига бош-қош бўлди. Ўзи қатор дарслик ва рисолалар яратди. “1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида унинг ташаббуси билан янги мактаблар очилди. Беҳбудий бу мактаблар учун “Рисолаи асбоби савод”, “Рисолаи жуғрофияи умроний”, “Китобат ул-атфол”, “Амалиёти ислом”, “Тарихи ислом” каби дарслик ва рисолалар ёзди.

Беҳбудийнинг ташаббуси билан тараққийпарварларнинг маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида газета ва журналлар фаолият кўрсата бошлади. Унинг саъй-ҳаракатлари ва муҳаррирлигида 1913 йилдан “Самарқанд” газетаси чиқа бошлаган. Унда ўша даврнинг долзарб ижтимоий-сиёсий масалаларига эътибор кучли эди. Газетанинг 1913 йил 30 июлдаги сонида туркистонлик ёшларнинг оғир ижтимоий аҳволи, болаларни мактабда ўқитишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, бундай дейилган: “Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосиға тобе экан, бизни уламо билъакс авомға тобедур. Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик илм ва адаб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур”.

Беҳбудийнинг бевосита иштироки ва ташаббуси билан 1917 йил 16 апрелдан бошлаб “Ҳуррият”, 1918 йилдан 1922 йилгача “Меҳнаткашлар товуши” газетаси нашр этилган ва уларда мустақиллик, инсонларни илм олишга, замонавий фикрлашга даъват этувчи мақолалар чоп қилинган. Унинг ноширлик фаолиятида “Ойина” журнали алоҳида аҳамиятга эга. 1913 йилнинг 20 августидан чиқа бошлаган бу журналда миллий бирдамлик, туркий халқларнинг ҳамжиҳатлиги каби масалалар кўтарилган. Миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари, тарихи, тил ва адабиёти масалалари, дунёдаги аҳволга доир мақолалар бериб борилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг юрт озодлиги, миллат тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларини тадқиқ этишда унинг сиёсий фаолиятини ҳам инобатга олиш лозим. 1917 йилдаги февраль инқилоби ва Россия подшоси Николай Романовнинг тахтдан ағдарилиши Туркистон жадидларини фаоллаштириб юборди. “Ҳуррият” газетасининг 1917 йил 13 май сонида Беҳбудийнинг “Муҳтарам самарқандийларға холисона арз” номли мурожаати чоп этилди. Унда озодлик, ҳуррият ҳақида қуйидагича фикр билдирилади: “Ҳозирда бўлса, Худои таоло бизға ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учун ҳаракат ва саъй этмоққа йўл очуқдир”.

Беҳбудий 72 кун умр кўрган Туркистон мухториятининг парламенти – Миллий Мажлис таркибига киритилган бўлиб, ўша вақтда замонанинг энг илғор зиёлилари, тараққийпарварларидан ташкил топган Туркистон мухториятида бу масъулиятли лавозим эди. Бироқ жуда қисқа муддатда большевиклар томонидан Туркистон мухторияти ҳукумати тарқатиб юборилди.

Туркистон минтақасида XIX аср охири XX аср бошида рўй берган ижтимоий-сиёсий жараёнларда замонавий фикрлайдиган тараққийпарварларнинг миллатни уйғотиш, мамлакатни тараққий эттириш йўлидаги мардонавор кураши жадидлик ҳаракати номи билан тарих зарварақларидан жой олди. Бу бугунги истиқлолимизнинг илк ниҳоллари эди.

Гулмамат АҲМЕДОВ,

Самарқанд давлат музей қўриқхонаси катта илмий ходими.