Туркия ва Суриядаги вазият: 37 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, БМТ бу рақам икки баробарга ошиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда

Фожиа кўлами кенглигига 2019 йилдаги тўлов эвазига қурилиш учун лицензиялаш амалиёти сабаб бўлгани айтилмоқда

Туркия ва Сурияни ларзага келтирган ҳалокатли зилзиладан бир ҳафта ўтди. Қутқарувчилар вайроналар остидан омон қолганларни қидиришни тўхтатмоқда.

13 февралга қадар икки мамлакатда 37 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ва бу рақамлар тўхтаган эмас.

Туркия табиий офатларни бошқариш бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда 31 643 киши ҳалок бўлган, БМТ маълумотларига кўра, Сурия шимоли-ғарбида, қурбонлар сони 5 714 кишига етган.

БМТ гуманитар ёрдам агентлиги 800 000 дан ортиқ одам тўйиб овқатланмаётганини айтиб, зилзила қурбонлари сони икки баравар ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Икки мамлакатда озиқ-овқат захиралари тугамоқда. Ҳозирда Туркия жанубидаги Адана шаҳрида жойлашган гуманитар ёрдам ходимининг ББCга айтишича, зарур нарсалар рўйхати жуда катта, ички кийим, чодир ва кўрпа-тўшаклар етишмаяпти.

Ҳафта давомида Туркия ва Сурияда паст ҳарорат кутилмоқда, бу эса қутқарувчилар учун ҳам, бошпанасиз қолганлар учун ҳам жуда қийинчиликлар юзага келтиради.

Ўтган шанба куни, қурбонлар сони 28 мингтага етганида БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффиц бу кўрсаткич икки баробар ёки ундан кўпроқ бўлишини кутаётганини айтди.

Суриядаги вазият

Душанба куни Сурия шимолидаги Алеппога ташрифи чоғида Гриффиц қутқарув босқичи якунланаётгани ва ҳукумат ўз эътиборини тирик қолганларни бошпана, озиқ-овқат билан таъминлаш, таълим ва тиббий ёрдамга қаратаётганини айтди.

Унинг айтишича, халқаро ҳамжамият Сурия шимоли-ғарбида жабрланганларга ҳозирча ёрдам бермаган. Ёрдам деярли бўлмаган мамлакатнинг бу қисмларида яшовчилар БМТ ва бошқа ёрдам агентликларини ўз ҳолига ташлаб қўйилганликда айблашмоқда.

Мухолифатчилар Идлиб провинциясини назорат қилмоқда, БМТ эса Башар ал-Ассад режими назорати остидаги ҳудуддан у ерга гуманитар ёрдам етказилишини ташкил эта олмаяпти. Бир неча испан шифокорларини ҳисобга олмаганда, Суриянинг бу қисмига ҳали халқаро ёрдам гуруҳи етиб бормаган.

Туркия Суриянинг Килис вилоятидан Асад назорати остида бўлмаган ҳудудларига ёрдам етказиб бериш учун яна иккита йўл очишга тайёрланаётганини маълум қилди. Ҳозирда гуманитар ёрдам Баб ал-Ҳава чегара пункти орқали етказилмоқда.

Қочқинлар

Шу билан бирга, мамлакат ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Туркия зилзиладан кейин Суриядан янги қочқинлар тўлқинига рухсат бермаслигини айтди.

Германия ташқи ишлар вазирлиги зилзила жабрдийдаларига Туркия ва Суриянинг йирик жамоалари жойлашган Германияда бошпана берилиши мумкин, бироқ улар мавжуд виза талабларига жавоб бера олсаларгина, деди.

Аммо сурияликларга қийинроқ, чунки Сурия Германия билан дипломатик алоқага эга эмас ва улар Германиянинг қўшни давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига виза учун мурожаат қилишлари зарур.

Мўъжизавий қутқарув

Тирик қолиш эҳтимоли камайиб бораётганига қарамай, қутқарувчилар ҳар куни вайроналар остида омон қолганларни топишга ҳаракат қилишди.

Якшанба куни Туркия жанубидаги Ҳатай шаҳрида зилзиладан 139 соат ўтиб, бино вайроналари остидан етти ойлик чақалоқ олиб чиқилди. Душанба куни вайроналар остидан бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан қолган аёл ва ўсмирни қулаган бино остидан чиқаришди.

Қутқарувчилар қийин шароитларда ишламоқда. Шанба куни Австрия ҳарбийлари ва Германия қидирув тизимлари Сурия билан чегарадош Ҳатай вилоятида ҳаддан ташқари хавф – маҳаллий қуролли гуруҳлар ўртасида отишма ва талончилик туфайли қутқарув ишларини тўхтатди.

Пудратчиларнинг ҳибсга олиниши

Туркия ҳукумати сейсмик фаол зонада қартадек терилиб қолаверган уйларнинг қурилиш жараёнида гумон қилинган 130 қоидабузарлик ҳақида маълум қилди.

Жабрланган 10 вилоятдаги 170 000 бинони текширгач, расмийлар 25 000 уй бутунлай вайрон бўлган ёки жуда жиддий зарар кўрганини маълум қилди. Прокурорлар 113 та ҳибсга олиш учун ордер беришди. Ҳибсга олинганлар орасида Газиантеп, Адана ва Ҳатай вилояти шаҳарлари пудратчилари ва таниқли қурилиш ташкилотлари бор.

Адиямандаги қулаган биноларни қураётган яна икки пудратчи якшанба куни Истанбул аэропортида ҳибсга олинди. Улар қўлида 17 минг доллар нақд пул билан Жоржияга учишни режалаштирган, деб хабар беради Times.

Бироқ мухолифат бу ҳибсларни расмийларнинг айбни қурувчи ва қурилиш ташкилотлар зиммасига юклаш ва ғазабланган аҳоли эътиборини фожиа сабаби ва унинг оқибатларини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган давлат бошқарувидаги муваффақиятсизликлардан чалғитишга уриниши деб билади.

Амнистияни шакллантириш

1999 йилда 17 000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган Измит зилзиласидан сўнг Туркия янги биноларнинг зилзилага чидамли бўлишини талаб қилувчи янги қурилиш меъёрларини жорий қилди, аммо бу қоидалар асосан бажарилмади.

2011 йилда юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган зилзиладан сўнг ўша пайтдаги бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон қурбонлар сонининг кўплигини сифатсиз қурилишлар билан боғлаган эди. “Муниципалитетлар, қурувчилар ва назорат органлари уларнинг бепарволиги қотиллик билан баробар эканини тушунишлари керак”, деди у ўшанда.

Бироқ, 2018 йилда, президентлик ва парламент сайловлари арафасида расмийлар "қурилиш амнистияси"ни эълон қилишди. Бу сифатсиз қурилишни рағбатлантиришга олиб келди. Натижада Туркия ғазнасига 3 миллиард долларга яқин даромад келтирган аммо зилзилага мойил бўлган минглаб бинолар пайдо бўлди.

Reuters маълумотларига кўра, амнистияга 10 миллионга яқин одам мурожаат қилган, 1,8 миллион ариза қабул қилинган.

Мулк эгалари биноларни рўйхатдан ўтказиш учун пул тўлашди, кейинчалик улар турли солиқ ва йиғимларга тортилди. Амнистия мол-мулк солиғи ва рўйхатга олиш йиғимлари кўринишида давлат ғазнасига 16,5 миллиард лира (тахминан 3,1 миллиард доллар) келтирди, деди Туркия Урбанизация вазири 2019 йил декабрь ойида.

Туркиялик қурилиш мутахассислари зудлик билан биноларни ҳақ эвазига ўтган сана билан лицензиялаш ҳалокатли бўлишидан огоҳлантирди.

"Бу бизнинг шаҳарларимиз, хусусан Истанбулни қабристонга, уйларимизни тобутга айлантиришни англатади", деди 2019 йилда Қурилиш муҳандислари палатаси раиси Жемал Гўкче. "Бино бутунлай лицензиясизми ёки унда қават кўпроқ қурилганми? Улар барча биноларни амнистия қилди. Бу жуда хавфли".

"Зилзилалар кучли бўлган бўлса-да, улар яхши қурилган биноларни вайрон қилмаслиги керак эди. Кўп жойларда зилзила даражаси максимал даражадан паст бўлган. Демак хулосага қилиш мумкинки, қулаган минглаб биноларнинг деярли барчаси сейсмик қаршилик бўйича ҳеч қандай қурилиш меъёрларига жавоб бермаган, деди Лондон Университет коллежининг фавқулодда вазиятларни режалаштириш ва бошқариш бўйича мутахассиси, профессор Дэвид Александрнинг ББCга.

Г.Холдорова тайёрлади.