Туркияда банк филиалига ҳужум қилган ўзбекистонлик устидан суд бошланди

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароси Ж.О.нинг 2019 йил 17 декабрь куни Анталия шаҳридаги банклардан бирининг филиалига ҳужум қилгани ва икки нафар техник ходимни гаровга олгани тўғрисида ОАВда тарқалган ахборотни тасдиқлади. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таслим бўлган.

Ҳозирда Ж.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 18 декабрь куни Анталия жиноят ишлари бўйича судида суд жараёни бошланди. Адвокатларнинг айбланувчи билан учрашишига рухсат берилди. Бироқ у консуллик ёрдамини олишдан воз кечди.

Элчихона Консуллик бўлими вазиятни назоратга олган ва Туркиянинг тегишли органлари билан доимий мулоқотда бўлиб турибди.

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия, Болгария, Ироқ, Руминия ва ЖАР ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига зарур вазиятларда мамлакатнинг Анқара шаҳридаги элчихонасига (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.