Туркияда Мирзиёев иштирокида очиладиган кутубхонадан фоторепортаж
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифи билан ушбу мамлакатда эканлигидан хабарингиз бор.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон раҳбари сифатида Туркияга иккинчи ташрифи. Давлатимиз раҳбари биринчи марта 2017 йилнинг 25-26 октябрь кунлари Туркияга борганди.
Бу сафар Шавкат Мирзиёев Туркияга ташрифи давомида Халқ кутубхонаси (Millet Kütüphanesi)нинг тантанали очилиш маросимида фахрли меҳмон сифатида иштирок этиши режалаштирилган.
Millet Kütüphanesi`ни қуриш ишлари 2016 йилда бошланганди. Унинг майдони 125 минг метр квадрат ташкил этади. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 5 минг кишига хизмат кўрсата олади. Кутубхонада 4 миллион босма, 120 миллион электрон нашрлар ва 550 мингта электрон китоб ҳамда нодир асарлар бор.
Кутубхона лойиҳасини тайёрлашда Туркиянинг кўзга кўринган маданият вакиллари, саҳҳофлар, кутубхона бошқарувчилари, жамоат ташкиотлари билан ҳамкорлик қилинган.
201 километрлик китоб жавонида 100 давлатда 134 та тилда чиқарилган китоблар билан бирга 120 миллионга яқин мақолалар ҳам жой олган. Millet Kütüphanesi катталиги ва хизмат кўрсатиш сифати бўйича дунёдаги етакчи кутубхоналардан бўлиши кутиляпти.
Кутубхона комплексдаги Cihannüm тарихда бўлган 16 та туркий давлат шарафига 16 та устун билан мустаҳкамланган. Залнинг майдони 3,5 минг метр квадрат бўлиб, 224 кишилик ўрин ва 200 мингга яқин китоб билан тўлдирилган.
Иморат гумбазининг ички тарафига Қуръони Каримдаги Ал-Алақ сурасининг 4 ва 5-оятлари ёзилган: “У (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни - хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди”.
Кутубхонанинг Дунё китоблари бўлимига Ўзбекистон, Ҳиндистон, Чили, Франция, Хитой ва Беларусда топилган баъзи китоблар ҳам олиб келинган.
Суннатилла АБДУЛЛАЕВ.