Турли мамлакатларда сайёҳларни ҳайратда қолдирадиган хусусиятлар

Ҳатто ўнлаб чегараларни кесиб ўтган энг тажрибали саёҳатчилар ҳам ҳар саёҳатдан сўнг дунёнинг хилма-хиллигидан ҳайратда бўлиб, бошқалардаги ўзига хос хусусиятлар ҳақида ҳайратланиб гапиради. ADME турли мамлакатлар аҳолиси вакиллари нимани мутлақо нормал деб ҳисоблашини аниқлади.
Гана
Бизда туғилган кунлар ёки одамларнинг ёши йўқ. Фақат ёшлар ёки кексалар борлигини биламиз, холос ва шунинг ўзи етарли. Қишлоқларда ҳеч ким ўз туғилган кунларини ёзмайди, одамлар ўз ёшини тахмин қилиб айтишади. Ишга кириш учун тўғри келган ўртача ёшни айтиш мутлақо нормал ҳисобланади.
Кения
Граффити суратлари билан қопланган бизнинг жамоат транспортимиз жуда баланд мусиқа тизимлари билан жиҳозланган. Тирбандликка қарамай, ҳайдовчилар манзилингизга қисқа вақт ичида етказишга ҳаракат қилиб, автобусни ақлдан озгандек ҳайдашади. Айтганча, Найробида ёввойи ҳайвонлар йўлни тўсиб қўйиши мумкинлиги сабабли ишга кечикиш одатий ҳол ҳисобланади.
Ҳиндистон
Йўл четидаги стоматологик "кабинетлар" одатий ҳол бўлиб, улардан сертификатланган тиш шифокорига бориш имкони бўлмаганлар фойдаланади.
Офислар, дўконлар ва уйлар, шунингдек, машиналар эшикларига боғланган аччиқ қизил қалампир ва лимон эгасини бахтсизликдан ҳимоя қилиши керак.
Словакия
Мабодо словакдан: "Ишларинг қалай?" деб сўрасангиз, у сизга батафсил ва виждонан жавоб беради, чунки бу ердаги сўрашиш рамзий саломлашишни эмас, балки суҳбат бошлашга таклиф қилишни англатади. Бу мантиқан тўғри, негаки, об-ҳаво ва ҳукумат ҳақида маъносиз гапларни айтиш ўрнига суҳбатдошингиз қандай кайфиятда эканлигини ва у билан нима ҳақида гаплашишингиз мумкинлигини дарҳол билиб оласиз.
Нидерландия
17 миллион кишида 22,5 миллионта велосипед бор. Мисол учун, уйимизда отамнинг уй велотренажёри, қисқа масофага чиқиш учун битта велосипед, тоғ велосипеди ва пойга велосипеди бор. Бу ерда велосипед йўлида юрадиган одамларни ҳақорат қилиш учун ҳар хил касалликлар номлари ишлатилади.
Эрон
Бошқа мамлакатларда сайёҳларни кечки овқатга таклиф қилиш, бирга суратга тушиш ёки ўз уйларида тунаб қолиш таклифлари қўрқитиб юборади, лекин Эронда бу мутлақо нормал ҳолат. Эронликлар жуда меҳмондўст ҳисобланади ва агарсиз сайёҳ сифатида оломондан ажралиб турсангиз, бир зумда кўплаб мухлисларга эга супер юлдузга айланасиз-қоласиз.
Исландия
Биз кўчада учраган ҳар бир кишига хайрли тонг ва хайрли кеч тилаймиз. Айни пайтда қандай қор ёғаётгани ҳақида узоқ ва асосли муҳокама қилишга қодирмиз. Қаҳваҳона ёки дўконга бориш учун фарзандларимизни аравачада қолдиришимиз одатий ҳол.
Туркия
Улар ишлайдими, йўқми фарқи йўқ, барча жойда ёмон кўздан асрайдиган туморлар бор. Хотиржамлик учун. Дўсти ўзига янги пойабзал сотиб олганини кўрган турк, албатта, уни босиб олиши керак. Одамлар янги нарсаси бор кишига ҳасад қилишлари мумкин, шунинг учун уни бироз "қаритиб" эгасига ёрдам бериш одатий ҳисобланади.
Франция
Францияда ҳатто эндигина танишган кишининг юзларидан икки марта ўпиб саломлашиш одат тусига кирган. Бу одат 15 киши ёки ундан ҳам кўпроқ одам билан учрашган тадбирларда бироз ноқулайлик туғдирса керак.
Биз бу хорижликларни ғалати, деймиз, албатта. Бошқа томондан, ким билади, балки бизда ҳам сайёҳларни ҳайратда қолдирадиган урф-одатлар, эътиқодлар, қоидалар ва анъаналар бор бўлса-чи...
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.