«Туя гўшти еган» кўча қачон фойдаланишга топширилади?

Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасининг Беруний ва Гагарин кўчалари орасидаги 900 метр масофани таъмирлаш ишлари бошланганига 2 ойдан ошган бўлса-да, йўлни фойдаланишга топшириш ортга суриб келинмоқда.

Хўш, бу кечикишга нима сабаб бўляпти? Нима учун буюртмачи, бош пудратчи ва қурилиш ташкилотлари ваъдасининг устидан чиқолмаяпти?

Буюртмачи «Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК томонидан тайёрланган лойиҳаларга асосан бош пудратчи М.Сенер раҳбарлигидаги “Mese yol” МЧЖнинг 100 нафардан зиёд йўлсозлари, 20 дан ортиқ техникалари билан кўчанинг қарийб бир километр қисмини тўлиқ таъмирлаб фойдаланишга топширишлари лозим. Энига 24 метр, 6 полосали йўл жаҳон стандартлари талабларига жавоб бериши керак. Айни пайтда улар йўлнинг 800 метр қисмини тош-шағал билан бостириб, текислаш ишларини олиб боришмоқда.

- Белгиланган масофага тош бостириш ишлари 22 июлгача давом этади, - дейди мазкур корхона иш бошқарувчиси Шуҳрат Эшонқулов. – Олдинда янада мураккаб ишлар турибди. Жумладан, пудратчиларимиз томонидан пиёдалар йўлаги, бетон ариқлар ётқизиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушлари, шунингдек, трамвай йўлини тортиш ишларини 15 августгача якунлаймиз.

Кўчанинг қурилиш-таъмирлаш ишлари нима учун лойиҳада кўрсатилган муддатда амалга оширилмаганлиги сабаби билан қизиқдик. Лойиҳа бўйича коммуникация тармоқлари тортиш ишлари 25 майда якунланиши керак эди. Аммо бу муддатдан бир ой ўтса ҳамки, тизим ишга тушгани йўқ.

-  Ишларнинг ўз муддатида якунланмаганлигига ичимлик суви ва оқава, электр, табиий газ, алоқа тармоқлари каби коммуникация тизимлари ўрнатилишига масъул корхона ва ташкилотларнинг ўз ишларига совуққонлик билан қараганлиги сабаб бўлди, - дейди буюртмачи «Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК бош муҳандиси Суҳроб Мардонов. - Жумладан, кўчадаги ичимлик суви ва сувоқава тизимлари вилоят сув таъминоти ва оқава сув объектлари бўйича инжиниринг компанияси давлат унитар корхонаси Жанубий минтақалар филиали томонидан амалга оширилиши керак эди. Аммо улар канализация тармоқларини ишга туширишни кечиктиряпти.

- Айни пайтда ичимлик суви, оқава тармоқлари тўлиқ янгиланди, - дейди Шуҳрат Эшонқулов. - Тез орада синов ишлари амалга оширилгач, ишга туширилади.

Турли сабаблар билан қурилиш ишларининг ортга сурилиб кетиши аҳолининг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Кўп қаватли уйлардан бирида савдо дўконим бор. Аммо йўлдаги таъмирлаш чўзилиб кетганлиги боис савдо яхши бўлмаяпти, - дейди ўзини таништиришни истамаган тадбиркорлардан бири. - Қаттиқ шовқин ва чанг-тўзонлар туфайли харидорлар ҳам кирмай қўйишди. Ишларни 15 июнгача тугатамиз, деб ваъда беришган эди. Аммо ҳали бери тугамайдиганга ўхшайди.

- Кўчамиздаги таъмирлаш ишлари туя гўшти еган эканми, роса чўзилиб кетди, - дейди 70 ёшли Назира Болтаева. – Уч ойдирки, катта-катта техникаларнинг ҳаракатидан уйларимиз титраб кетади, ҳамма жой ўйдим-чуқур, сал шамол турса, чанг-тўзон кўтарилади. Автобус йўқ-ку, ҳатто такси чақирсангиз ҳам йўлингиз ёмон, деб келмайди.

Рудакий кўчасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари чўзилиб кетишига нима сабаб бўлмоқда? Бу қурилиш ташкилотларининг ўз вазифаларига совуққонлигими ёки таъминотчи ташкилотларнинг? Ўз вақтида бажарилмаган ишларни қайси идора назорат қилади?

Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).