U-20 Жаҳон чемпионати мезбонлиги Аргентинага берилди
Футбол бўйича 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига Аргентина мезбонлик қилади, дея хабар бермоқда ФИФА расмий сайти.
Мусобақанинг санаси ўзгартирилмайди: турнир жорий йилнинг 20 майидан 11 июнига қадар ўтказилади. Қуръа ташлаш маросими 21 апрель куни Цюрихда бўлиб ўтади.
Ушбу мусобақа Индонезияда ўтиши белгиланганди. Бироқ ФИФА март ойи сўнгида мамлакатни мезбонлик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Индонезиянинг айрим шаҳарлари ўз ҳудудига Исроил терма жамоасини киритмаслигини айтганидан кейин, ФИФА аввалига қуръа маросимини бекор қилган, кейинроқ Индонезиядан мезбонликни тортиб олганди.
Мусобақада 24 та жамоа иштирок этади. Осиё Кубогидаги ғолиблик орқали йўлланмага эга бўлган Ўзбекистон U-20 терма жамоаси учинчи саватчадан жой олган.