У унутилган эди: 18 йил оролда ёлғиз яшаган Хуана Мария қиссаси
Ёзувчи Скот О'Делли томонидан ёзилган “Мовий дельфинлар ороли” китоби болалар адабиётининг классик асари ҳисобланади ва 1960 йилнинг ўрталарида нуфузли мукофотга сазовор бўлди. Ўшанда кўпчилик бу воқеа ҳақиқий воқеаларга асосланганлиги ва 12 ёшлигида оролда қолиб кетган ва кўп йиллар оролда ёлғиз яшаган қизнинг кечинмалари тўғрисида ёзилганлигни билмаган бўлса керак.
Сан-Николас оролидаги аёл ёки “кўйлакдаги Робинзон” туб аҳолиси оролдан эвакуация қилингандан сўнг Тинч океанининг ўртасида жойлашган кимсасиз оролда 18 йил ёлғиз яшади. Унга Хуана Мария исмини беришди, аслида бу аёлнинг исмини ҳеч ким билмасди...
Nicoleños қабиласи тахминан 10 минг йил оролда яшаб келган. Бироқ, 1811-1814 йилларда уларнинг ҳаёт тарихи бир гуруҳ овчилар оролга ҳужум қилиб, маҳаллий аҳолини қириб ташлагач, тугади. Ўшанда Хуана Мария кичкинагина қизча эди.
Мўйна овчилари ҳужумидан олдин, аҳоли сони 300га яқин эди, лекин 1814 йилга келиб у ерда 20 кишигина қолди холос. Шундан сўнг тирик қолган барча маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди, лекин улар оролни ғайриихтиёрий равишда тарк этди.
Хуана Мария нима сабабдан оролда қолиб кетганининг сабаби номаълум. Бир тахминга кўра у икки яшар болакайни излаб кетган, бошқасига кўра, у одамлар орасида укасини тополмасдан, қайиқдан сакраб тушган. Оролда бошланган бўрон қирғоқни тарк этган кемани қайтаришга йўл бермади.
Бир мунча вақт ўтгач қутқарилган ҳиндуларнинг кўпчилиги бетоб бўла бошлади. Турмуш шароитининг фарқи, иқлим ва иммунитетнинг етишмаслигидан таъсирланган қабиланинг барча аъзолари бир неча йил ичида вафот этди. Хуана эса оролда яшашни давом эттирди. Кейинчалик уни излашга ҳаракат қилишди, бироқ фақат 1853 йилда аёлни топишга муваффақ бўлишди.
Кема капитани Жорж Нидевер ўз хотираларида Хуанани қандай топилгани ҳақида гапириб берган. Улар аввалига уни эпчиллик билан китнинг жасадини нимталаётган бир кампирга ўхшатган. Аёл эса денгизчилардан қўрқмади, аксинча “қандайдир номаълум тилда гапириб, жилмайиб, уларни кутиб олган”.
У 30 ёшга кирган бўлсада, ҳаёт қийинчиликлари туфайли 50 ёшдан ошгандек кўринарди, ўзи “ўрта бўйли, қалин пўстин кийган, жуда кучли ва чаққон кўринарди. Аёл доимо табассум қилиб тургани боис, унинг юзи ёқимли бўлиб туюларди”.
Хуана Мария ўрдак ва бошқа денгиз ҳайвонларини овлаган, кит суяклари ва мўйловидан кулба қурган, тери ва патлардан кийим тиккан. Аёл Санта-Барбара шаҳрига олиб келинганида, у ҳеч ким билан гаплаша олмади, чунки ҳеч ким унинг тилини билмасди. Одамлар фақат тўртта сўзни тушунишга муваффақ бўлишди: «tocah» (ҳайвон териси), «nache» (эркак), «toygwah» (осмон), «puoochay» (тана).
У ўз кечинмалари ҳақида ҳеч кимга айтиб бера олмасди, Хуана Мариянинг кимлигини эса ҳеч ким билолмади. Газеталарда “ёввойи аёл” ўзи учун янги дунёда яшашга ҳаракат қилаётгани тўғрисида мақолалар чоп этилди. Улар Хуана Мариянинг отларга қизиқиши, қаҳва таъмидан завқланиши, ҳатто уни кўришга келганлар учун қўшиқ куйлаши ва рақсга тушиши ҳақида ёзишарди.
Аммо материкка кўчиб ўтгандан сўнг, уни ҳам худди қабиладошлари каби тақдир кутар эди. У одамлар орасида атиги етти ҳафтагина яшади, кейин дизентерия билан касалланиб вафот этди. Ўлимидан олдин католик черкови унга Мария исмини берди.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.