Уч ҳайрат
Юртимиз бўйлаб, кўклам нафаси кезаётган, муборак Рамазон ойи охирлаб, эрта ҳайит деган кун – 2026 йил 19 мартда мамлакатимиз етакчиси – Президент Шавкат Мирзиёев янги барпо этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, бу муқаддас қадамжони зиёрат қилди.
Мажмуа таркибидаги бинолар, диний ва маърифий масканларни бир-бир кўздан кечирди, бу ерда амалга оширилган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди.
Бутун мамлакатимиз узра эзгу бир чорлов янграб, тарихий хотирамиз, миллий ғуруримиз улуғ бир куч билан қайта уйғонгандек, эртаси куни – Ҳайит тонгида қадим ўзбек диёрининг турли қишлоқ ва кентларидан зиёратчилар Зарафшон соҳиллари томон оқиб кела бошлади. Тошкент шаҳри йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, айни саҳар палласи пойтахти азимдан мисли кўрилмаган даражада кўп машиналар карвони йўлга чиққан. Бундай ҳолат илгари ҳеч қачон кузатилмаган.
Дарҳақиқат, шу кунларда Имом Бухорий бобомизга меҳримиз, эҳтиромимиз ҳар қачонгидан ҳам юксак мақомда намоён бўлмоқда!
Пайариққа – қадрдонларимга телефон қилдим. Ҳожи Абдушукур ота Муҳаммадқулов деди: “Ёшим тўқсонга қараб боряпти, не-не буюк ўзгаришларни кўрдим, лекин бундай улуғ зиёрат, бундай улуғ ибодатни илгари ҳеч қачон кўрмаганман! Еру кўкка одам сиғмай кетди! Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ажойиб маъруза қилдилар. Муқаддас айёмимиз жума кунига тўғри келганини қаранг-да! Жума номозини ҳам шайх ҳазратлари бошчилигида ўқиймиз. Илгари чекка ва кўримсиз қишлоқ бўлган бу маскан бир неча йилда шаҳарга, маърифат маркази, зиёратчилар масканига айланиб кетди”.
Тўнғич акам – бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган халқ таълими аълочиси, Мисриддин домладан сўрадим:
– Ҳайит намозини янги масжидда ўқиш насиб этдими?
– Ҳар доимгидек бўлади, деб сал бемалолроқ борган эканмиз, яқинлашиб бўлмади. Ҳаммаёқ тумонат одам. Ахийри шу яқин орадаги бошқа масжидда ўқишга мажбур бўлдик. Лекин жума намозига албатта вақтида етиб борамиз.
Эшитганларимни таҳлил қилиб, ўзимча бир хулосага келдим. Буни қарангки, туманимизда бир куннинг ўзида учта ҳайрат, учта мўъжиза юз берди.
Биринчиси – Аллоҳнинг инояти билан Янги Ўзбекистон дурдонаси дея эътироф этилаётган шундай муаззам мажмуа улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити куни эл-юртимизга ўз бағрини очди. Мамлакатимиз диний-маърифий жамоатчилигининг энг кўзга кўринган намояндалари иштирокида бўлиб ўтган бу зиёрат ва ибодат чиндан ҳам ҳар доим ҳам бўлавермайдиган буюк воқеа эди.
Иккинчиси – халқимиз, мўмин-мусулмонларимиз илгари ҳеч кўрилмаган бирлик ва ҳамжиҳатлик, чексиз эҳтиром туйғуси билан зиёратга отланди. Имом Бухорий бобомиз, ул зотнинг муборак саждагоҳи ўша кунлари бамисоли миллий бирлик тимсолига айланди, маънавий куч-қудрат манбаи сифатида бизни бир миллат болалари, ягона юрт дилбандлари бўлиб, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиб, янада аҳил ва иноқ яшашга чақирди.
Учинчиси... Келинг, бу ҳақда батафсилроқ фикр юритайлик.
Бир неча кун олдин радиодан ёмғир ёғади, деган маълумот берилган эди, лекин ёғмади. Акс ҳолда ташқарида майдонларни тўлдириб ўтирган шунча одам эрталабки изғиринда ивиб, совқотиб, касал орттириб олиши мумкин эди. Имом Бухорий бобомизнинг зиёратига келган одамларни аяб, меҳрибон Парвардигоримиз шунчалар марҳамат кўрсатгани чинакам мўъжиза эмасми?
Қарийб бир юз ўттиз йил мустамлакачилик зулми остида яшаган халқимиз доимо тазйиқ ва тақиқ остида не-не азоблар билан умр ўтказиб, бундай мўъжизаларни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Биз эса бир кунда шунча ўзгаришга, янги бир уйғонишга гувоҳ бўлдик.
–Тинчлик яхши-да, илойим, юртимизга кўз тегмасин! – деди Шароф Рашидов, Владимир Қодиров, Бектош Раҳимов, Исмоил Жўрабеков каби атоқли давлат арбоблари билан бирга ишлаган Абдушукур бобо нуронийларимизга хос донишмандлик ва шукроналик билан.
– Айтганингиз келсин, устоз! – дедим ўтмиш ва бугунги кун манзараларини хаёлан солиштирган ҳолда мен ҳам мамнун бўлиб.
Муртазо Қаршибой,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.