Учинчи Ренессансда истиқболли кадрларнинг муносиб ўрни бўлади

Ҳар томонлама билимли ва замонавий фикрлайдиган салоҳиятли кадрларни тарбиялаш, босқичма-босқич шакллантириш ҳамда уларнинг истиқболли захирасини яратиш бугунги куннинг муҳим вазифалардан бири саналади.

Президентимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу мақсадда қабул қилингани билан аҳамиятли. Унга мамлакатимизда истиқболли бошқарув кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлатнинг бошқа органларида кадрлар захирасини шакллантиришнинг замонавий механизмини ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатимиз кадрлар салоҳиятини юксалтириш белгиланган.

Мамлакатимизда давлат ҳокимиятининг бошқарув тизимини янада демократлаштириш, бошқарув органларида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муносиб ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришлар юқори малакали бошқарув кадрларини танлаб олиш ва тайёрлаш, уларнинг захирасини шакллантириш тизимини замонавий ёндашувни ишлаб чиқиш орқали такомиллаштиришни тақозо этади.

Ана шундай замонавий бошқарув салоҳиятига эга, ёш ва юқори малакали кадрларни танлаб олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда захирасини шакллантириш тизимини яратиш мақсадида жорий йилнинг 27 июнь куни вилоятимиздаги олий ўқув юртларининг истеъдодли ва иқтидорли битирувчилари билан ўтказилган учрашувда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида “Самарқанд келажак жавоҳирлари” истиқболли кадрлар захираси ташкил қилиниб, муносиб ёшлар сараланмоқда.

Ушбу жараёнда Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртларидан 294 нафар бакалавр ҳамда 37 нафар магистр битирувчилар таълим муассасалари раҳбарларининг тавсифномалари асосида саралаб олинди.

Бир қатор мезонлар асосида саралаб олинган ушбу истеъдодли ва лидерлик қобилиятига эга 331 нафар битирувчининг бандлигини таъминлаш, уларни вилоят ҳокимлигининг истиқболли кадрлар захирасига олиб, фаоллигини ошириш ва бошқа ёшларга намуна қилиб кўрсатиш мақсадида Telegram ва Facebook ижтимоий тармоқларида “Самарқанд келажак жавоҳирлари” канал ва гуруҳлари ташкил этилди.

Учрашувда истиқболли кадрлар захирасига олинган истеъдодли ва иқтидорли ёшлар томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган эди.

Жумладан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти битирувчиси Т.Рўзиевнинг таклифига асосан ҳудудларда селекция ишларини ташкил қилиш ва уруғчилик тизимини ривожлантириш орқали ҳосилдорликни ошириш мақсадида ҳар бир туман қишлоқ хўжалик бўлимларида алоҳида селекция ва уруғчилик йўналиши бўйича мутахассисларни жалб қилиш масаласи ўрганиб чиқилмоқда.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти битирувчиси А.Эшонкуловнинг ривожланган давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, шаҳар ва туманлар марказларида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг том қисмидан шаҳарсозлик нормаларига риоя қилган ҳолда мақсадли фойдаланишга оид лойиҳа таклифини кўриб чиқиш учун республика комиссиясига юборилди.

Таъкидлаш лозимки, шу кунга қадар истиқболли кадрлар захирасига олинган 331 нафар иқтидорли битирувчининг 164 нафари иш билан таъминланди. 93 нафар ёшларни мутахассислиги бўйича аниқ иш жойи билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, улар таркибидаги 37 нафар магистрант битирувчилардан 29 нафари иш билан таъминланди, 5 нафари илмий фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.

Давлатимиз раҳбари Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини таъкидлади. Бу пойдеворнинг мустаҳкам бўлиши эса жамият ҳаётида ўз ўрнини топишга интилаётган билимли, ўз соҳасини пухта эгаллаган, замонавий фикрлайдиган кадрларга боғлиқлиги барчамизга аён ҳақиқат.

Давлат бошқаруви ва бошқа тармоқларда ана шундай ёшларнинг сараланган ҳолда жалб этилиши фақат тараққиётга хизмат қилади.

Беҳзод Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги

ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари.