“Умрим бўйи ҳамроҳ бўлди дўст ҳамда рақиб”
Ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқанд адабий муҳити, хусусан, воҳанинг назм майдони пешқадамларидан бўлган шоир ва журналист Суръат Орипов 1937 йил 18 январда Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон қишлоғида туғилган.
Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олгач, вилоят «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасида меҳнат қилди.
Суръат Ориповда илҳомий жўшқинликдан ташқари, тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, камтарлик каби ажойиб фазилатлар ҳам бор эди. Афсуски, устоз ижодкор 1986 йилда бевақт вафот этди. Ундан фақат Рауф Парфи билан ҳамкорликда чиқарган «Субҳидам» тўпламигина ёдгор қолди.
Чоп этишга тайёрлаган «Ранглар ва оҳанглар», «Чанқовуз» деб номланган китоблари шоир ўлимидан кейин чоп этилди. 2020 йилда эса “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” туркуми остида “Шоир юраги” деб номланган китоб чоп этилди.
Қуйида шоирнинг айрим шеърларидан баҳраманд бўласиз.
***
БУЛБУЛГА
Балки ушалгандир дилингда армон,
Балки ўзгаргандир сенда тушунча,
Бобонглар умрбод чекишди афғон,
Бугун сен ҳар уйда меҳмон булбулча.
Болалар чуғурлаб сепишар дон-дун,
Қафасда на гулзор, на бирор ғунча.
Эҳтимол гул нима билмайсан бугун,
Ҳажрида ёнмайсан энди, булбулча.
Ишқ деган азобдир турган-битгани,
Бобонг ундан вафо кўрмади қилча.
Сени бу ғавғодан халос этгани
Одамзод ёрдамга келди, булбулча.
«Чақ-чақ» қил, бу ерда йўқ ўзга юмуш,
Зарра ғам емасин нозик кўнгилчанг.
Қафасга солишга арзимас бойқуш,
Фақат сен муносиб унга, булбулча.
***
ҚАЛБ ВА ШЕЪР
Юртим – тўкин-сочин дастурхон,
Қалбим – илҳом қайнаган қумғон.
Севгим – тошқин, жўшқин шалола,
Шеърим – янги туғилган бола.
Дафтар – унинг оппоқ йўргаги,
Ақлим – унинг жажжи юраги!
***
ГЛОБУСГА ҲАЗИЛ
Бешга ҳам тўлмаган ўғлимнинг ёши,
Қизил бўёқларга ўч бўлган бирам.
Балки ўз даврининг бўлар наққоши,
(Яхши одам бўлсин, у ким бўлса ҳам).
Ёзиш ва чизишни қилмайди канда,
Байроқни, лолани кўрса интилар.
Уфқни қизартириб, қуёш чиққанда,
Репин, Беҳзод каби унга термилар.
Бир кун глобусга қилибди ҳазил,
Бўябди анордек қип-қизил рангга.
Африка ҳам қизил, Осиё ҳам қизил,
Қизилдир Марокаш, Конга, Катанга.
Аввал босолмадим сира жаҳлимни.
Аммо ёш гўдакни ранжитмоқ нечун,
Озодлик қуёш етти иқлимни –
Эртами, индинми ёритар бир кун.
***
НЕГА СЕН КЕЛМАДИНГ?
Ҳар кун деразадан мен боқдим хомуш,
Қишнинг совуқ ели эсганда ғиз-ғиз.
Хаёлим шу елдек бўлди фаромуш,
Сени кутавериб, эй умри азиз.
Мушакларим қақшаб, санчганда юрак,
Менга далда берди ҳар аҳли таъмиз.
Лекин, фақат сени кутдим жонсарак,
Кутдим, сен келмадинг, эй умри азиз.
Бир бор кириб келсанг эшикдан кулиб,
Касаллигим тезроқ чўкармиди тиз.
Йўлингга кўз тикдим «ўлиб, тирилиб»,
Аммо сен келмадинг, эй умри азиз.
Бемор кўриш учун келар одамлар,
Ўзимни ҳеч қачон қўйишмас ёлғиз.
Яна эшитилди таниш қадамлар...
Фақат сен келмадинг, эй умри азиз.
Ёнимдан жилмайди ҳушёр табиблар,
Даволовчи врач – бир юзи қирмиз.
Кўнглимни кўтарар дилкаш ҳабиблар,
Ёлғиз сен келмадинг, эй умри азиз.
Хонамга таралди бир ажойиб бўй,
Баҳор билан қайта юз кўришдик биз.
Менга ором бермас фақат битта ўй:
Нега сен келмадинг, эй умри азиз?
***
ТИНЧ
Гўдакликдан тўлқинларга тушгандир ишқим,
Бўронларга дош бергандир умрим кемаси.
Ким оромни истар экан, келади ғашим,
Қулоғимга куйдек ёқар курашлар саси.
Умрим бўйи ҳамроҳ бўлди дўст ҳамда рақиб,
Ҳаёт – шахмат, ҳар қадамда дуч келар ғайри.
Майли агар соя каби этса ҳам таъқиб,
Ҳаёт, мени рақибимдан туширма айри.
Суръат ОРИПОВ.