Унвон масъулиятга ундайди

Халқимиз «Қариси бор уйнинг париси бор», «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» деган нақлларни бежиз ишлатмайди. Негаки энг аввало оила аъзолари, қолаверса, қўни-қўшни, ишхонадагилар ёши улуғлардан доимо ибрат олишади. Ибрат масъулияти кексаларни ҳамиша ўз нуронийлик салоҳиятини намойиш қилишга ундайди.

Ҳасан Норбековичда ана шундай ноёб фазилат мавжуд. Бу инсон ҳар бир масалага эътибор, диққат, иштиёқ билан ёндашади, куюнчаклик, самимият билан муносабат билдиради. Президентимиз ғоялари моҳиятини даврадагиларга содда, тушунарли қилиб етказмагунча тинчимайди.

Муҳими, бизлардан ҳам ана шундай бўлишни талаб қилади, ҳар бир ишда шахсий ибрат кўрсатишимизни сўрайди. Шу сабабли «Нуроний» жамғармаси вилоятимизда катта мавқега эга. Биз Ҳасан аканинг «Дуогўйлик – савоб, лекин шахсий ибрат яхши самара беради» деган ўгитларига доимо амал қиламиз.

Муҳтарам Президентимиз томонидан Ҳ.Нормуродовга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилишидан биз кексаларнинг кўнгли тоғдек юксалди. Давлатимиз раҳбарининг кексалар ҳаётий тажрибасига, нуронийлар ибратига таяниб ишлашига чин дилдан ишондик. Ва Ҳасан Норбекович сиймоси орқали ана шу ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.

Бундай эътиборга биз шубҳасиз, ўзимизнинг бой ҳаётий тажрибаларимиз билан диёримизнинг тобора гуллаб-яшнаши, айниқса ёшларимизни комил инсон руҳида тарбиялашга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Бу борада Ҳасан акага ўхшаган самимий ҳалол ва фидойи инсонлар маслаҳатига таянамиз. Қаҳрамонлик муборак, азиз устоз!

Баҳодир ХИДИРОВ,

«Нуроний» жамғармаси Иштихон туман бўлими раиси.