Ургутда ота фарзанд учун биратўла 235 миллион сўм алимент тўлади. Бу маблағ боланинг вояга етгунича муддат учун ҳисобланган

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг қарорига асосан қарздор Ж.Ш.дан ундирувчи У.Б.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган ва суд қарорига асосан бюронинг Ургут туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими давлат ижрочиси Иқбол Субҳонқуловнинг zarnews.uz`га маълум қилишича, ушбу ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга асосан барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.

Ҳужжат ижросини таъминлаш мобайнида олиб борилган тушунтиришлар ўз самарасини берган. Қарздор ота фарзанди таъминоти учун у вояга етгунича ҳисоблаб 235 миллион сўм алиментни тўлаб берган.